25 сентябрь куни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти мажлислар залида республикамиздаги масжид имом-хатиблари иштирокида 2025 йилнинг 9 ойлик якуни бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда диний соҳа ходимларига тегишли бўлган вазифалар, ютуқларимиз билан бирга камчиликларимиз ҳам борлиги, келгусида қилинадиган ишлар, имом-хатиблар фаолиятини янада ошириш, куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, имом-хатибларнинг ўзларига бириктирилган маҳаллалар билан яқин алоқада бўлиш, бидъат-хурофотларга чек қўйиш, шунингдек, ёшлар орасида таълим-тарбия масалалари, кийиниш маданияти, жаҳолатга қарши маърифат билан жавоб беришимиз, меҳнат мигрантлари билан биргаликда иш олиб бориш ва бошқа муҳим масалалар ҳақида сўз юритилди.
Йиғилишни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разов бошқариб борди.
Б.АББАЗОВ,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати