"Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур,
Агар устоз рози – Тангри розидур.
Алишер Навоий
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: "Аллоҳ сизлардан иймон келтирган илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур" (Мужодала 11 оят) деб марҳамат қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга сахийлар сахийсининг хабарини берайми? Сахийларнинг сахийси Аллоҳдир. Мен одам боласининг энг сахийсиман. Мендан кейин сиздан энг сахийингиз, илм ўрганиб, илмини тарқатган одамдир. У қиёмат куни ёлғиз ўзи бир уммат бўлган ҳолида тирилтирилади”, деганлар.
Албатта, устозлар мана шундай юксак мукофотларга лойиқ зотлардир.
Одамларга ҳарф ўргатиб, саводини чиқариш энг яхши таълим, десак муболаға бўлмайди. Чунки биз бутун ҳаётимиз давомида шу устозларимиз ўргатган харфлардан фойдаланиб ўқиймиз, ёзамиз ва илмимизни оширишда давом этамиз.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг бундай гапи бор: “Ўқишни билсангиз, ҳар бир инсон бир китобдир”. Мана шу китобнинг қулфига калит топиб, илк харфларни ўргатувчи зотлар албатта устозларимиздир.
Абу Ҳомид Ғаззолий айтади: “Агар сен таълим олувчи бўлсанг устозинг ҳузурида қўйидаги ишларга амал қилишинг шарт: салом бериш ва киришга изн сўраш, беҳуда гапларни гапирмаслик, рухсатсиз сўзламаслик, "фалончи бу ҳақида бошқачароқ гапирган эди" деб одобсизлик қилмаслик, одамлар "шогирди устозидан билимдон экан”, дейишлари учун устоз билан баҳслашмаслик, устоз ўрнидан турганида шогирд ҳам ўрнидан туриши”.
Келинг, азизлар, фақат бир сана муносабати билангина эмас, устозларга доимий эҳтиром кўрсатайлик. Зеро, марифатпарвар аждодларимиз айтганларидек, дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси муаллимликдир.
Шамсутдин домла Шерматов,
Шўрчи туманидаги " Менгтўра ҳожибобо" жоме масжиди имом хатиби
Саудия Арабистонининг туризм ва саёҳатларга ихтисослашган “Arab Tourist” электрон нашрида “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва Буюк ипак йўли билан боғланган мамлакат” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада Буюк ипак йўли тарихида ўзбек шаҳарларининг тутган ўрни алоҳида эътироф этилади. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, фан ва маданият марказлари сифатида хизмат қилгани таъкидланади. Регистон майдони, Ичан-қалъа ва Бухородаги меъморий обидалар ислом цивилизацияси ҳамда жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари сифатида тилга олинади.
Бундан ташқари, нашр Ўзбекистоннинг ранг-баранг табиати ва географик рельефига тўхталиб ўтган. Қизилқум чўли, серҳосил Фарғона водийси, Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғ тизмалари аҳоли жойлашуви ва қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим ўрин тутиши қайд этилади.
Нашр, шунингдек, Буюк Мирзо Улуғбек каби донишмандларнинг астрономия ва математика соҳасидаги буюк кашфиётларини алоҳида эътироф этган.
Хулосада таъкидланганидек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Андижон каби шаҳарлар бугунги кунда нафақат маъмурий ва иқтисодий, балки жадал ривожланаётган йирик маданий-туристик марказлар сифатида дунё сайёҳлари эътиборини ўзига жалб этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати