Ҳар йили “1 октабр Ўқитувчи ва мураббийлар куни” юртимизда катта ҳурмат ва эҳтиром билан нишонланади. Бу кун шунчаки расмий байрам эмас, балки ҳаётимизнинг ҳар бир босқичида бизга йўл кўрсатган, илм берган ва тарбия қилган заҳматкаш инсонларга бўлган чексиз миннатдорчилигимизнинг ёрқин ифодасидир.
Устоз ва мураббийлар жамиятнинг энг муҳим таянчларидан саналади. Улар келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодни нафақат билим билан қуроллантиради, балки уларнинг қалбини тарбиялайди, юксак ахлоқий фазилатларни шакллантиради. Мактабда, коллежда, олий таълим муассасасида ёки спорт майдонида бўлсин, улар фидойилик билан ўз касбининг машаққатли, аммо шарафли юкини адо этади.
Устоз ва мураббийларни ўз нурини атрофга сочаётган қуёшга ўхшатсак бўлади. Қуёшнинг нуридан барча мавжудот фойдаланганидек, уларнинг маърифат зиёларидан бутун жамият манфаатланади.
Пайғамбар алайҳиссалом етук муаллим бўлганлар. Муовия ибн Ҳакам Суламий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ота-онам Набий алайҳиссаломга фидо бўлсин! Олдин ҳам, кейин ҳам у зотдан яхшироқ муаллимни кўрмадим” (Имом Муслим ривояти).