Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Сентябр, 2026   |   4 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:43
Қуёш
06:03
Пешин
12:18
Аср
16:43
Шом
18:37
Хуфтон
19:52
Bismillah
15 Сентябр, 2026, 4 Рабиъус сони, 1448
Мақолалар

Устозлик қилиш Аллоҳнинг раҳматидир

30.09.2025   7084   2 min.
Устозлик қилиш Аллоҳнинг раҳматидир

Илм руҳнинг озуқаси. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. “Устоз отангдек улуғ” деб, аждодларимиз бежиз айтишмаган. Чунки, ота фарзандни дунёга келтирган бўлса, устоз унга одамийликдан сабоқ берган. Бир машҳур зотдан, нима учун устозингизни отангиздан ҳам ортиқ кўрасиз, деб сўрашганда: “Отам мени жисмимни тарбиялаб ерга тушишимга сабаб бўлган, устозим эса руҳимни тарбиялаб кўкка етишимга сабаб бўлди”, деган экан.
Динимиз таълимотига кўра ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди.
Барча соҳаларда бўлгани каби  диний соҳада ҳам устоз-мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Ёш авлодда хизмат кўникмаларини шакллантиришда бой иш ва ҳаёт тажрибасига эга бўлган ходимлар ҳамда фахрийларнинг панд-насиҳатлари алоҳида таҳсинга сазавордир. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда бундай марҳамат қилганлар:
“Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги чумоли ва хаттоки балиқгача одамларга яхшиликни таълим берувчига салавот айтадилар”.
Муҳаддислар имоми Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг шогирдларидан бири Фирабрий айтади: "Устозим Имом Бухорий менга кўп ҳадис ривоят қиларди. Баъзан малолланиб, зерикиб қолмаслигим учун шижоатимни орттирадиган сўзлардан айтарди. Кунларнинг бирида бундай деди: "Ўйин-кулги қилувчилар истироҳат боғларида, ишлаб чиқарувчилар ўз ҳунарида, савдогарлар эса тижоратида. Сен эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг асҳоблари билан биргасан". 
Демак, устозлар таълим бериш билан бирга сабр матонатли бўлиши учун тарбиячи ҳам эканликлари маълум бўлади.


Муҳиббуллоҳ Худойбердиев, 
Тўрақўрғон туман бош имом хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтмоқда

14.09.2026   10414   1 min.
Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтмоқда

Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши доирасида улуғ мутафаккир, тасаввуф олими Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция ўз ишини бошлади.

Ушбу нуфузли тадбирда Туркий давлатлар ташкилоти, Бутунжаҳон мусулмон донишмандлар кенгаши, IRCICA, ICESCO, Ал-Азҳар уламолар кенгаши вакиллари ҳамда етук шарқшунос ва исломшунос олимлар иштирок этмоқда.

Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маъруза қилдилар.

Муфтий ҳазратлари Саййид Яҳё Бокувийнинг тасаввуф тарихидаги мақоми ва унинг таълимоти ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, нутқда аллома нафақат тасаввуф, балки диний илмлар, табиий ва аниқ фанларни эгаллаган қомусий олим бўлгани, ўттизга яқин асарлари инсон нафсини тарбиялашда муҳим қўлланма экани таъкидланди.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга таянган ҳолда қалб саломатлиги ва поклиги инсон ҳаётининг бош мезони эканини баён этиб, туркий халқларни боғлаб турган умуммаънавий илдизларга алоҳида урғу бердилар:

«Ҳазрат Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби буюк зотлар илгари сурган нафс тарбияси, инсонпарварлик ва юксак ахлоқ ғоялари бугун ҳам қардош халқларимизни бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий кўприкдир. Бундай улуғ сиймолар меросини ҳамкорликда ўрганиш халқларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш ва ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга хизмат қилади».

Уч кунлик анжуман давомида Ўзбекистон илмий жамоатчилиги ҳам маърузалар билан иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари