Илм руҳнинг озуқаси. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. “Устоз отангдек улуғ” деб, аждодларимиз бежиз айтишмаган. Чунки, ота фарзандни дунёга келтирган бўлса, устоз унга одамийликдан сабоқ берган. Бир машҳур зотдан, нима учун устозингизни отангиздан ҳам ортиқ кўрасиз, деб сўрашганда: “Отам мени жисмимни тарбиялаб ерга тушишимга сабаб бўлган, устозим эса руҳимни тарбиялаб кўкка етишимга сабаб бўлди”, деган экан.
Динимиз таълимотига кўра ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди.
Барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам устоз-мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Ёш авлодда хизмат кўникмаларини шакллантиришда бой иш ва ҳаёт тажрибасига эга бўлган ходимлар ҳамда фахрийларнинг панд-насиҳатлари алоҳида таҳсинга сазавордир. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда бундай марҳамат қилганлар:
“Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги чумоли ва хаттоки балиқгача одамларга яхшиликни таълим берувчига салавот айтадилар”.
Муҳаддислар имоми Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг шогирдларидан бири Фирабрий айтади: "Устозим Имом Бухорий менга кўп ҳадис ривоят қиларди. Баъзан малолланиб, зерикиб қолмаслигим учун шижоатимни орттирадиган сўзлардан айтарди. Кунларнинг бирида бундай деди: "Ўйин-кулги қилувчилар истироҳат боғларида, ишлаб чиқарувчилар ўз ҳунарида, савдогарлар эса тижоратида. Сен эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг асҳоблари билан биргасан".
Демак, устозлар таълим бериш билан бирга сабр матонатли бўлиши учун тарбиячи ҳам эканликлари маълум бўлади.
Муҳиббуллоҳ Худойбердиев,
Тўрақўрғон туман бош имом хатиби
Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).
2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.
3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси