Фарғона вилояти вакиллигида 2024–2025 ўқув йилида диний таълим муассасаларини муваффақиятли якунлаб, соҳа фаолиятини бошлаган ёш кадрлар билан учрашув ва мулоқот ташкил этилди.
Мазкур маънавий аҳамиятга эга тадбирда вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, бош имом-хатиб ўринбосари Алишер домла Наимов ҳамда Бувайда тумани бош имом-хатиби Аҳмадхон домла Низомовлар иштирок этиб, ёш кадрлар билан суҳбат қурдилар.
Учрашув давомида юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, имом-хатиблар учун яратилаётган имконият ва шарт-шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Маърузачи устозлар имомликнинг улуғ шарафи ва юксак масъулияти ҳақида сўз юритиб, ёшларни ўз вазифасига сидқидилдан ёндошишга даъват этдилар. Шунингдек, улар ўз ҳаётий тажрибалари ва амалий машғулотлари билан ўртоқлашдилар.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йилда диний таълим муассасаларини тамомлаган 26 нафар битирувчи вилоятдаги турли масжидларга имом-хатиб ва имом-ноиби вазифаларига тайинланди. Бу эса соҳага ёш кадрларни жалб этишдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Мулоқот сўнгида ёшларга уларнинг масъулиятли хизмат йўлида муваффақият ва фатҳларни Аллоҳдан сўраб дуо қилинди.
Муҳаммад Ротиб Нобулсий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: “Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Саййидимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг оила аъзоларига ҳамда саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Улардан ҳам, биздан ҳам рози бўл, ё оламлар Робби.
Шак-шубҳасиз, коинот, жамодот, наботот ва ҳайвонот бир-биридан фарқ қилади. Уларнинг айримлари жонсиз, қолганлари жонли. Баъзилари вазнга эга, ҳажми бор ва ҳ.к.
Аммо инсоният бошқа жонзотлар фарқли ўлароқ фикр юритади, тафаккур қилади. Агар инсон илм изламаса, Робби уни қўйган даражадан пастга тушади, бу эса унинг мавқеига мос келмайди. Натижада, у ўлик саналади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аслида, уларнинг ҳайвонлардан фарқи йўқ. Балки яна ҳам йўлдан озганроқдирлар” (Фурқон сураси, 44-оят).
“Улар худди суяб қўйилган ходага ўхшарлар” (Мунофиқун сураси, 4-оят).
“Устларига Таврот юклатилган, сўнгра уни кўтармаганлар мисоли устига китоб юкланган эшакка ўхшарлар” (Жума сураси, 5-оят).
Инсон мавжудлигининг сирини, ҳаётдан мақсадни ва ҳақиқатни излаши, ўлим нима, ўлимдан кейин нима бўлиши ҳақида фикр юритиши лозим.
Ҳар бир ақлли одам ҳам доно эмас. Ўткинчи дунё ҳаётининг майда-чуйдаларига берилиб кетмаган, ўзини Аллоҳнинг бандаси эканини унутмаган, кенглиги осмонлару ерча бўлган Жаннат учун ҳаракат қилган инсон – доно саналади. Бунга фақат илм излаш орқали эришиш мумкин.
Демак, агар ким дунёни истаса, илм изласин. Охиратни истаса, илм изласин. Агар ҳар иккисини ҳам хоҳласа, илм изласин. Аллоҳ буюкдир”.
Даврон НУРМУҲАММАД