Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида «Бу илмни кейинги келган одамлардан тақводорлари кўтариб юрадилар, улар илмни ғулувга кетувчиларнинг ўзгартиришидан, ботилга чиқарувчиларнинг динни ўзиники қилиб олишидан ва жоҳилларнинг таъвилидан ҳимоя қиладилар», деганлар. (Имом Байҳақий ривояти).
Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий раҳимаҳуллоҳ ҳам мусулмонлар эътиқодига турли хил ёт ғояларни кириб келишини олдини олган ва илмни жоҳилларнинг таъвилидан ҳимоя қилган олимлардан эди. Шу сабабли уламолар томонидан Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳни «Имамул ҳуда», «Мусаҳҳиҳу ақоиди аҳли сунна» деб аталган ва эътироф қилинган. Барча уламолар у зот ҳақида илиқ фикрларни билдиришган. Жумладан, Имом Кафавий раҳимаҳуллоҳ «Аъламул ахёр» китобида Имом Мотуридий ҳақида шундай ёзади: «Мотуридий раҳимаҳуллоҳ мутакаллимларнинг имоми, мусулмонларнинг ақидасини тўғриловчисидир. Аллоҳ у кишига сиротул мустақим, яъни тўғри йўлни насиб қилиш ила нусрат берди ва у киши дин нусрати йўлида юрди. Буюк китобларни тасниф этди ва ботил эътиқод соҳибларига раддия берди».
Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ «Завожир ан иқтирофил кабоир» китобларида Имом Мотуридий ҳақида қуйидаги фикрларни билдирган:
«Аҳли Сунна эътиқоди деганда Имом Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳумуллоҳнинг эътиқодлари назарда тутилади». Шайх Ҳасан ибн Абу Азуба раҳимаҳуллоҳ инсон қайси олимга эргашса Аҳли сунна тоифасига киришини баён қилиб шундай деган: «Шуни билки, Аҳли сунна вал жамоа эътиқодининг мажмуаси икки қутбнинг сўзидир. Бу икки қутб: Имом Абул Ҳасан Ашъарий ва Имом Абу Мансур Мотуридийдир. Бу икки имомнинг қай бирига эргашсанг, ҳидоятга эришиб бузуқ эътиқод ва тойилишдан саломат қоласан».
Юқоридаги эътирофлардан кўриниб турибдики аҳли сунна вал жамоа эътиқоди асосчиси бўлмиш икки қутб имоми Имом Мотуридий ва Имом Ашарийлар тузган ақида манҳажлари албатта энг тўғри манҳаж ҳиссобланади.
Шарифхон Пайзуллаев,
Наманган шаҳри "Ҳомиддин қори" жоме масжиди имом-ноиби
Манба: @Softalimotlar
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орденлар ва медаллар билан мукофотландилар.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Камилов Музаффар Муратович "Дўстлик" ордени билан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Абдухаликов Фирдавс Фридунович «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, мазкур академиянинг "Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар" кафедраси профессори Исломов Зоҳиджон Маҳмудович «Имом Бухорий» ордени билан ва академия ҳузуридаги "Зиё" медиа маркази директори Мухтаров Абдухамид Абдуахатович "Шуҳрат" медали билан тақдирландилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси доимий ҳамкор ташкилотларимиз раҳбарлари ва устозларни мазкур юксак мукофотлар билан муборакбод этиб, Аллоҳ таолодан мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва муборак динимиз ривожи йўлидаги фаолиятларида янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати