Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Август, 2026   |   13 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:18
Қуёш
05:43
Пешин
12:25
Аср
17:09
Шом
19:10
Хуфтон
20:30
Bismillah
26 Август, 2026, 13 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Намоздан сўнг Қуръон тиловати (1-қисм)

06.10.2025   8746   7 min.
Намоздан сўнг Қуръон тиловати (1-қисм)

Динимизда Қуръон тиловати энг савобли амаллардан бири эканлигини доимо эътироф қилиб келинган. Яқин йилларгача намоздан кейин Куръон тиловати қилиш жоиз ёки жоиз эмаслиги тўғрисида ихтилоф бўлмаган. Буни олимлар ҳам омма халқ ҳам дуруст деб билишган. Зеро, нафл ибодатлар орасида афзали Қуръони карим тиловатидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини бунга қизиқтирганлар. Қуръони карим соҳибини шафоат қилади ва шайтон васвасаларидан қўрғон бўлади. Унинг тиловати гуноҳларни ўчирадиган, савобларни кўпайтирадиган гўзал амалдир. Аммо кейинги вақтларда намозлардан кейин ўқиладиган Қуръон тиловатини бидъат дейдиган, уни эшитишдан юз ўгирадиган ва бошқаларни ҳам қайтарадиган турли “айрим кишилар” пайдо бўлмоқда. 

Тиловат ўқилиб турган ҳолатда адабсизлик билан мутакаббирона чиқиб кетаётганлар борки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даври саодатларида қилинмаган экан, деб асоси йўқ гаплар, эшитдим ёки қайсидир интернетда ўқидим деб ўзларини оқлашга уринадилар. Илмни эса ишончли манбадан, устоздан ўрганиш зарурлигини ҳадисларда кўп таъкидланган. Ўрни келганда мазкур кишиларни даъволарига жавоб бериб, бидъат нималигини ҳам ёдга оламиз.

البِدْعَةُ طَرِيقَة فِي الدِّينِ مُخْتَرَعَةٌ تُضاهي الشَّرِيعَةَ يُقْصَدُ بِالسُّلُوكِ عَلَيْهَا مَا يُقْصَدُ بِالطَّرِيقَةِ الشَّرِيعَةِ

"Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у билан шариатга янгилик киритилади. Унга юришдан шариат йўлига юриш қасд қилинади" ("Ал-Эътисом" китоби).

 Юқоридаги таърифдан шу нарса равшан бўладики, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даврларида бўлмаган, янги пайдо бўлган ҳар нарса бидъат ҳисобланмайди. Балки, Қуръон, ҳадис, ижмо ва шаръий қиёсдан бирор далил бўлмаган ҳолда, бир ишни пайдо қилиш ва уни диндан деб тушуниш бидъат эканлиги маълум бўлмоқда. Энди, Қуръон тиловати борасида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кўрсатмалари билан танишамиз:

عَنْ أَنَسٍ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ إِنَّ لِكُلِّ شَيْءٍ قَلْبًا وَ قلْبُ الْقُرْآنِ يَس وَ مَنْ قَرَأَ يَسٍ كَتَبَ اللَّهُ لَهُ بِقِراءَتِهَا قِرَاءَةَ الْقُرْآنِ عَشْرَ مرات

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби Ёсиндир. Кимки Ёсин сурасини (бир маротаба) ўқиса, Аллоҳ унга ўн маротаба Куръон ўқиганлик савобини ёзади” деганлар.  Имом Термизий ривоятлари.

Аллоҳнинг каломи ва Расулининг ҳадисларида Қуръон тиловати ҳақидаги кўрсатмалар бунданда бисёр. Қолаверса, бу масалада бирор чеклов йўқ, аксинча иш кенг қилиб қўйилгандир. Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишни кенг қилгандан кейин бандалар уни торайтириши тўғри бўлмайди. Шаръий далилларда намоздан кейин Қуръон ўқиш мумкин эмас деган гап йўқ. Қуръ-он тиловат қилиш ва уни тинглаш савобли иш экани эса жуда машҳур масала. Ким савоб умидида тиловат қилса, ажр олаверади. Куръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифлар Қуръон ўқувчига улкан савоблар, буюк фазллар хабарини берганидек, уни тингловчига ҳам ана шундай гўзал ажр, буюк манзил ҳамда улуғ мукофотлар бордир. 

Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оишаи Сиддиқа розияллоҳу анҳо онамизни ҳар куни Қуръони карим ҳаққини адо этишга буюрганлар. Уни адо этиш тартиби ҳақида ҳар куни Қуръонни ҳаммасини ўқишни айтганлар, қодир бўлмаса, 200-250 оят ўқишни, ҳатто 100 оят ва “Ихлос” сурасини уч бора ўқиш билан деб тушинтирганлар. Қуръони каримдаги кўпгина суралар ва баъзи оятларнинг фазилати зикр қилинган. Қиёмат куни шафоат қилиши, савоблар кўпайтириб ёзилиши, ҳожатларининг раво бўлиши, беморларга шифо бўлиши, дуоларнинг ижобат бўлиши, нур бағишлаши, тетиклик ва ақл-идрокка мусаффолик бериши ва бошқа кўпгина фазилатлари билдирилган. Шундай суралардан “Ёсин”, “Фатҳ”, “ар-Раҳмон”, “Воқеа”, “Духон”, “Мулк”, “Набаъ”, “Каҳф”ва бошқаларини санаш мумкин. Оятлардан “ал-Курсий”, “Бақара” сурасининг охирги икки ояти, “Тавба” сурасининг охирги икки ояти, “Ҳашр” сурасининг охирги уч ояти ва бошқалари бор.

Ҳар куни мўмин киши Қуръони карим ҳаққини адо этиш учун алоҳида вақт ажратиши керак. Аммо кўпинча имкон топилмайди. Ёки шунчаки бу вазифа борлиги ёддан кўтарилади. Ҳар қандай хасталикни даволовчи моҳир табиб каби уламоларимиз беш вақт намозда қуйидаги сураларни тиловатини тавсия қиладилар: Бомдоддан кейин “Ёсин” сураси 83 оят, Пешиндан кейин “ар-Раҳ-мон” 78 оят ёки “ал-Фатҳ” 29 оят, Асрда “ан-Набаъ” (амма) сураси 40 оят, Шомдан сўнг “ал-Воқеа” сураси 96 оят, Хуфтондан сўнг “ал-Мулк” сураси 30 оят жами 350 оят атрофида ҳар куни ўқилади. Демак, мўминлар намоздан сўнг ушбу сураларнинг тиловати ёрдамида ҳар куни Қуръони карим ҳаққини адо этиш билан бирга, мазкур сураларнинг фазилатларидан ҳам баҳраманд бўладилар.

Қуръони каримни тинглаш тиловат қилиш билан баробар. Бу борада Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шариф мунга ёрқин далил бўлади: 

حَدَّثَنَا أَبُو سَعِيدٍ - مَوْلَى بَنِي هَاشِمٍ - حَدَّثَنَا عَبَّادُ بْنُ مَيْسَرَةَ ، عَنِ الْحَسَنِ الْبَصْرِيِّ ، عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : " مَنِ اسْتَمَعَ إِلَى آيَةٍ مِنْ كِتَابِ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ، كُتِبَ لَهُ حَسَنَةٌ مُضَاعَفَةٌ، وَمَنْ تَلَاهَا كَانَتْ لَهُ نُورًا يَوْمَ الْقِيَامَة رَوَاهُ أَحْمَد.ُ ".

 Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳ таолонинг китобидан бир оят тингласа, унга битта савоб кўпайтирилиб берилади. Ким Қуръон тиловат қилса, унга қиёмат куни нур бўлади”, дедилар” Имом Аҳмад ривояти. 

Демак юқоридаги сураларни ва ояти карималарни тиловат қилган киши қанча ажру савобларга эга бўлса тингловчилар ҳам ажру мукофотларга эга бўладилар. Қолаверса ёдлай олмаган мўмин мусулмонлар ёдлаб олгунларига қадар тиловат қилаётган кишилардан тинглаб Қуръони каримни савобига эга бўладилар.

Суфён ибн Уяйна (раҳматуллоҳи алайҳ): “Илм олиш тинглашдан бошланади, сўнгра уни тушунилади ва ёд олинади кейин унга амал қилинади”, дедилар. Банда Каломуллоҳни холис ният билан тингласа, унинг қалбига Аллоҳ таоло нур солади ва тўғри йўлга ҳидоят қилади. Қуръони каримда марҳамат қилинади: 

الَّذِينَ يَسْتَمِعُونَ الْقَوْلَ فَيَتَّبِعُونَ أَحْسَنَهُ  أُولَٰئِكَ الَّذِينَ هَدَاهُمُ اللَّهُ  وَأُولَٰئِكَ هُمْ أُولُو الْأَلْبَابِ

“Бас, (эй Муҳаммад!) Менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки, улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига (фойдалисига) эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир” (Зумар, 17-18).

 Имом Лайс ибн Саъд айтадилар: “Ҳеч бир киши Қуръон тингловчидан кўра тезроқ раҳматга эришмайди. Чунки Аллоҳ таоло:

وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآنُ فَاسْتَمِعُوا لَهُ وَأَنصِتُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

“Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!” - дейди (Аъроф сураси, 204-оят).

Бу Қуръонни эшитиш ва унга қулоқ солишни вожиб қиладиган буйруқдир. Шубҳа йўқки, Ислом одоби Куръон тиловат қилинган пайтда уни тинглашни тақозо қилади. 

Исмоилхон Ишанов,

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Иордания ОАВ: Тошкентда Ислом цивилизациясига бағишланган халқаро медиафорум ўтказилади

19.08.2026   69829   2 min.
Иордания ОАВ: Тошкентда Ислом цивилизациясига бағишланган халқаро медиафорум ўтказилади

Иорданиянинг нуфузли “Jordan News Agency” (Petra) ахборот агентлиги ҳамда “Hala Ahbar” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ ва кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Агентликда ёзилишича, мазкур йирик халқаро тадбир Ўзбекистоннинг жаҳон медиа ҳамжамияти билан алоқаларини янада кенгайтириш, журналистлар ва соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашишни ривожлантириши билан аҳамиятлидир.

Шу билан бирга, форум давомида ислом цивилизациясининг бой илмий-маърифий ва маданий меросини замонавий медиа воситалари орқали кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Форумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.

Нашрлар форум дастурининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, тадбир доирасида ялпи мажлислар, ихтисослаштирилган медиа-кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ташкил этилади.

Мунозараларда ҳужжатли фильмлар яратиш, тарихий хотирани асраш ва ёритиш, нашриёт лойиҳаларини ривожлантириш, замонавий технологиялардан медиа соҳасида самарали фойдаланиш ҳамда халқаро медиа лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинади.

Нашрнинг қайд этишича, тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири – Ўзбекистонлик талабалар учун халқаро медиа соҳасининг тажрибали мутахассислари иштирокида амалий мастер-класслар ўтказилишидир. Бу машғулотлар замонавий журналистика, медиамаҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш бўйича билим ва кўникмаларни оширишга хизмат қилади.

Иордания ОАВда форум доирасида иштирокчилар учун Самарқанд шаҳрига сафар ҳам режалаштирилгани қайд этилган. Хорижий журналистлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, Самарқанднинг бой тарихий-маданий мероси билан танишадилар. Тошкент шаҳрида эса халқаро ОАВ вакиллари учун махсус медиатур ташкил этилади.

Бундай сафарлар форум иштирокчиларига Ўзбекистоннинг нафақат замонавий тараққиёти, балки унинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни, илмий-маърифий анъаналари ва бой маданий мероси ҳақида бевосита тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

Мақолаларда халқаро медиафорумнинг 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланиши ҳам маълум қилинган. Хорижий меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари