Динимизда Қуръон тиловати энг савобли амаллардан бири эканлигини доимо эътироф қилиб келинган. Яқин йилларгача намоздан кейин Куръон тиловати қилиш жоиз ёки жоиз эмаслиги тўғрисида ихтилоф бўлмаган. Буни олимлар ҳам омма халқ ҳам дуруст деб билишган. Зеро, нафл ибодатлар орасида афзали Қуръони карим тиловатидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини бунга қизиқтирганлар. Қуръони карим соҳибини шафоат қилади ва шайтон васвасаларидан қўрғон бўлади. Унинг тиловати гуноҳларни ўчирадиган, савобларни кўпайтирадиган гўзал амалдир. Аммо кейинги вақтларда намозлардан кейин ўқиладиган Қуръон тиловатини бидъат дейдиган, уни эшитишдан юз ўгирадиган ва бошқаларни ҳам қайтарадиган турли “айрим кишилар” пайдо бўлмоқда.
Тиловат ўқилиб турган ҳолатда адабсизлик билан мутакаббирона чиқиб кетаётганлар борки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даври саодатларида қилинмаган экан, деб асоси йўқ гаплар, эшитдим ёки қайсидир интернетда ўқидим деб ўзларини оқлашга уринадилар. Илмни эса ишончли манбадан, устоздан ўрганиш зарурлигини ҳадисларда кўп таъкидланган. Ўрни келганда мазкур кишиларни даъволарига жавоб бериб, бидъат нималигини ҳам ёдга оламиз.
البِدْعَةُ طَرِيقَة فِي الدِّينِ مُخْتَرَعَةٌ تُضاهي الشَّرِيعَةَ يُقْصَدُ بِالسُّلُوكِ عَلَيْهَا مَا يُقْصَدُ بِالطَّرِيقَةِ الشَّرِيعَةِ
"Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у билан шариатга янгилик киритилади. Унга юришдан шариат йўлига юриш қасд қилинади" ("Ал-Эътисом" китоби).
Юқоридаги таърифдан шу нарса равшан бўладики, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даврларида бўлмаган, янги пайдо бўлган ҳар нарса бидъат ҳисобланмайди. Балки, Қуръон, ҳадис, ижмо ва шаръий қиёсдан бирор далил бўлмаган ҳолда, бир ишни пайдо қилиш ва уни диндан деб тушуниш бидъат эканлиги маълум бўлмоқда. Энди, Қуръон тиловати борасида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кўрсатмалари билан танишамиз:
عَنْ أَنَسٍ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ إِنَّ لِكُلِّ شَيْءٍ قَلْبًا وَ قلْبُ الْقُرْآنِ يَس وَ مَنْ قَرَأَ يَسٍ كَتَبَ اللَّهُ لَهُ بِقِراءَتِهَا قِرَاءَةَ الْقُرْآنِ عَشْرَ مرات
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби Ёсиндир. Кимки Ёсин сурасини (бир маротаба) ўқиса, Аллоҳ унга ўн маротаба Куръон ўқиганлик савобини ёзади” деганлар. Имом Термизий ривоятлари.
Аллоҳнинг каломи ва Расулининг ҳадисларида Қуръон тиловати ҳақидаги кўрсатмалар бунданда бисёр. Қолаверса, бу масалада бирор чеклов йўқ, аксинча иш кенг қилиб қўйилгандир. Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишни кенг қилгандан кейин бандалар уни торайтириши тўғри бўлмайди. Шаръий далилларда намоздан кейин Қуръон ўқиш мумкин эмас деган гап йўқ. Қуръ-он тиловат қилиш ва уни тинглаш савобли иш экани эса жуда машҳур масала. Ким савоб умидида тиловат қилса, ажр олаверади. Куръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифлар Қуръон ўқувчига улкан савоблар, буюк фазллар хабарини берганидек, уни тингловчига ҳам ана шундай гўзал ажр, буюк манзил ҳамда улуғ мукофотлар бордир.
Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оишаи Сиддиқа розияллоҳу анҳо онамизни ҳар куни Қуръони карим ҳаққини адо этишга буюрганлар. Уни адо этиш тартиби ҳақида ҳар куни Қуръонни ҳаммасини ўқишни айтганлар, қодир бўлмаса, 200-250 оят ўқишни, ҳатто 100 оят ва “Ихлос” сурасини уч бора ўқиш билан деб тушинтирганлар. Қуръони каримдаги кўпгина суралар ва баъзи оятларнинг фазилати зикр қилинган. Қиёмат куни шафоат қилиши, савоблар кўпайтириб ёзилиши, ҳожатларининг раво бўлиши, беморларга шифо бўлиши, дуоларнинг ижобат бўлиши, нур бағишлаши, тетиклик ва ақл-идрокка мусаффолик бериши ва бошқа кўпгина фазилатлари билдирилган. Шундай суралардан “Ёсин”, “Фатҳ”, “ар-Раҳмон”, “Воқеа”, “Духон”, “Мулк”, “Набаъ”, “Каҳф”ва бошқаларини санаш мумкин. Оятлардан “ал-Курсий”, “Бақара” сурасининг охирги икки ояти, “Тавба” сурасининг охирги икки ояти, “Ҳашр” сурасининг охирги уч ояти ва бошқалари бор.
Ҳар куни мўмин киши Қуръони карим ҳаққини адо этиш учун алоҳида вақт ажратиши керак. Аммо кўпинча имкон топилмайди. Ёки шунчаки бу вазифа борлиги ёддан кўтарилади. Ҳар қандай хасталикни даволовчи моҳир табиб каби уламоларимиз беш вақт намозда қуйидаги сураларни тиловатини тавсия қиладилар: Бомдоддан кейин “Ёсин” сураси 83 оят, Пешиндан кейин “ар-Раҳ-мон” 78 оят ёки “ал-Фатҳ” 29 оят, Асрда “ан-Набаъ” (амма) сураси 40 оят, Шомдан сўнг “ал-Воқеа” сураси 96 оят, Хуфтондан сўнг “ал-Мулк” сураси 30 оят жами 350 оят атрофида ҳар куни ўқилади. Демак, мўминлар намоздан сўнг ушбу сураларнинг тиловати ёрдамида ҳар куни Қуръони карим ҳаққини адо этиш билан бирга, мазкур сураларнинг фазилатларидан ҳам баҳраманд бўладилар.
Қуръони каримни тинглаш тиловат қилиш билан баробар. Бу борада Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шариф мунга ёрқин далил бўлади:
حَدَّثَنَا أَبُو سَعِيدٍ - مَوْلَى بَنِي هَاشِمٍ - حَدَّثَنَا عَبَّادُ بْنُ مَيْسَرَةَ ، عَنِ الْحَسَنِ الْبَصْرِيِّ ، عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : " مَنِ اسْتَمَعَ إِلَى آيَةٍ مِنْ كِتَابِ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ، كُتِبَ لَهُ حَسَنَةٌ مُضَاعَفَةٌ، وَمَنْ تَلَاهَا كَانَتْ لَهُ نُورًا يَوْمَ الْقِيَامَة رَوَاهُ أَحْمَد.ُ ".
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳ таолонинг китобидан бир оят тингласа, унга битта савоб кўпайтирилиб берилади. Ким Қуръон тиловат қилса, унга қиёмат куни нур бўлади”, дедилар” Имом Аҳмад ривояти.
Демак юқоридаги сураларни ва ояти карималарни тиловат қилган киши қанча ажру савобларга эга бўлса тингловчилар ҳам ажру мукофотларга эга бўладилар. Қолаверса ёдлай олмаган мўмин мусулмонлар ёдлаб олгунларига қадар тиловат қилаётган кишилардан тинглаб Қуръони каримни савобига эга бўладилар.
Суфён ибн Уяйна (раҳматуллоҳи алайҳ): “Илм олиш тинглашдан бошланади, сўнгра уни тушунилади ва ёд олинади кейин унга амал қилинади”, дедилар. Банда Каломуллоҳни холис ният билан тингласа, унинг қалбига Аллоҳ таоло нур солади ва тўғри йўлга ҳидоят қилади. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “
الَّذِينَ يَسْتَمِعُونَ الْقَوْلَ فَيَتَّبِعُونَ أَحْسَنَهُ أُولَٰئِكَ الَّذِينَ هَدَاهُمُ اللَّهُ وَأُولَٰئِكَ هُمْ أُولُو الْأَلْبَابِ
“Бас, (эй Муҳаммад!) Менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки, улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига (фойдалисига) эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир” (Зумар, 17-18).
Имом Лайс ибн Саъд айтадилар: “Ҳеч бир киши Қуръон тингловчидан кўра тезроқ раҳматга эришмайди. Чунки Аллоҳ таоло:
وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآنُ فَاسْتَمِعُوا لَهُ وَأَنصِتُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
“Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!” - дейди (Аъроф сураси, 204-оят).
Бу Қуръонни эшитиш ва унга қулоқ солишни вожиб қиладиган буйруқдир. Шубҳа йўқки, Ислом одоби Куръон тиловат қилинган пайтда уни тинглашни тақозо қилади.
Исмоилхон Ишанов,
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Ҳозирги кунда “бидъат” сўзини кўпчилигимиз тез-тез эшитамиз. Таъбир жоиз бўлса, бу сўзни билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам ишлатмоқда.
Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатҳул Мубийн” асарида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирган:
“Бидъат сўзи луғатда – ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш”, деган маънони беради.
“Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъатнинг луғавий маъносини: “Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш” деб келтирган.
Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда, хоҳ одатларда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин, Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар.
Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.
Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади.
Демак, Қуръон ва суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.
Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.
Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш, Қуръон қироатини эшитиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.
Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга зийнат бериш.
Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгчиликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзилини чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан холи бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.
Бидъатнинг шаръий-истилоҳий маънолари
Бидъатнинг шаръий – истилоҳий маъноларини “Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” асарининг соҳиби қуйида уч қисм қилиб келтирганлар:
الزِّيَادَةُ وَالنُّقْصَانُ فِي الدِّينِ مِنْ غَيْرِ إِذْنِ الشَّارِعِ
1. “Шореънинг изнисиз динда зиёда ва нуқсонга йўл очиш”.
جَعْلُ غَيْرِ الدِّينِ دِينًا أَوْ مَا يَكُونُ مُشَابِهًا بِالدِّينِ وَلَيْسَ مِنَ الدِّينِ
2. “Диндан бўлмаган нарсани дин деб билиш ёки динга ўхшаш мартабага кўтариш”.
عَمَلٌ مُحْدَثٌ عَلَي نِيَّةِ الْعِبَادَةِ
3. “Динда асли йўқ бўлиб, янги пайдо бўлган нарсани ибодат ниятида бажариш”.
Мазкур таърифларга асосланиб фуқаҳолар икита фиқҳий қоидани жорий қилганлар.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْإِبَاحَةُ
1. “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”. Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْحُرْمَةُ
2. “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”.
Зоҳиран қараганда бир-бирига зид бўлган бу икки қоидани татбиқи шундайки, агар бир киши дунё ишларини осонлаштириш, одамларнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилиш мақсадида бирор нарса масалан машина, телефон ёки турли фойдали мосламалар ўйлаб топиб ихтиро қилса, “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”, қоидасига биноан бу яхши ва мақталган иш ҳисобланади.
Аммо, ибодат ниятида динда бирор нарсани жорий қилиш, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш, “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”, қоидасига биноан бидъат ва ҳаром иш ҳисобланади.
Бидъатнинг турлари.
“Саҳиҳи Бухорий” китобини шарҳлаган Имом Қасталоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Байҳақий Имом Шофеъийдан нақл қилиб: “Китобу суннатга ва ижмога хилоф бўлган ишлар залолатга чорловчи бидъатдир. Аммо, китобу суннатга хилоф бўлмаган яхши ишлар бидъат эмас, балки “Муҳдасоту маҳмуда” яъни кейин пайдо бўлган мақталган ишлардир”, деганлар (Қасталоний. Ж. 1. Б. 302).
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ سَنَّ فِي الإسلام سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا یُنْقَصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَیِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَایُنْقَصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).
Мана шу ва бошқа далилларга таяниб, уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Шариатнинг аслига хилоф бўлмай, шу билан бирга фойдали ва хайрли амаллар бидъати ҳасанадир. Шаръий асосга эга бўлмаган амал ёки эътиқодни жорий қилиш бидъати саййиа дейилади”, деганлар. (“Фатҳул Борий” китоби, Ж. 4. Б. 253).
Бидъати ҳасана – бунга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровиҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилди ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, деди.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.
Бидъати саййиа эса, шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, у шариатимизда рад этилган. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ
“Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ҳадисда кўзланган мақсад диннинг асосий манбалари бўлмиш Китоб, суннат ва ижмога хилоф бўлган ишларни пайдо қилиш бўлса, бас, у рад қилингандир. Аммо дунёвий ҳаётнинг равнақига хизмат қиладиган, инсонларга манфаат берадиган ишларни пайдо қилиш, гарчи Китобу суннатда асоси мавжуд бўлмаса-да, зинҳор бидъат дейилмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси