Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент вилояти Янгийўл тумани "Пусур оқсоқол" жоме масжиди имом-хатиби Баҳодир домла Усмоновнинг волидаи муҳтармалари вафоти муносабати билан таъзия билдиради.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни раҳматига олсин, маконини жаннат қилсин. Бу дунёда қилган барча хайрли ишларини бошларига соя, охиратларига захира айласин. Ортда қолган барча яқинларига гўзал сабр берсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳумнинг яқинларига, хусусан, Баҳодир домлага ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Туркия Диёнат ишлари бошқармаси томонидан Истанбул шаҳрида «Уммат бирлиги ва глобал муаммолар қаршисида фатво кенгашлари» мавзусида Фатво кенгашларининг халқаро маслаҳат йиғилиши ўтказилади. 2026 йил 23–26 ноябрь кунлари мазкур нуфузли анжуман ва унинг доирасидаги тадбирларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий — Идора ҳузуридаги Фатво маркази директори Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги делегация қатнашади.
Халқаро йиғинда дунёнинг 25 дан ортиқ мамлакати — жумладан, БАА, Қатар, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Германия, Индонезия, Малайзия, Мавритания, Босния ва Герцеговина, Черногория, Хорватия, Болгария, Ирландия ҳамда МДҲ давлатларидан ташриф буюрган давлат ва дин арбоблари, муфтийлар, фатво кенгашлари раҳбарлари ва етук исломшунос олимлар иштирок этадилар.
Анжуман кун тартибидан уммат бирлигини мустаҳкамлашда фатво идораларининг ўрни, жамоавий ижтиҳодни ривожлантириш, ахборот асридаги сунъий интеллект ва рақамли дунё шароитида фатво бериш масъулияти ҳамда фатво ишлаб чиқишда ижтимоий воқеликни ҳисобга олиш каби муҳим йўналишлар ўрин олган.
Шунингдек, оила институтини асраш, ёш авлод тарбияси, замонавий ақидавий ва ғоявий таҳдидларга қарши курашишга оид долзарб масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати