Мамлакатимиздаги масжидларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ниҳоясига етмоқда. Мавсумни беталафот ўтказиш мақсадида коммунал соҳага дахлдор хизматларнинг иш сифати ва белгиланган талабларга тўла жавоб бериши бўйича зарур чоралар кўрилди.
Маълумки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан мўмин-мусулмонлар эмин-эркин ибодат қилиши учун қулай ва хавфсиз шароитлар яратиш учун режали ишлар амалга ошириб келинади. Айниқса, куз-қиш мавсуми арафасида тегишли кўрсатма ва буйруқлар асосида, масжид хонақоҳлари, қўшимча бинолар, ер тўла, дудбўронлар, таҳоратхоналар, қозонхоналар ва туташ бўлган иншоотларда ҳар жиҳатдан хавфсизликни таъминлашга катта урғу қаратилди. Ёнғин хавфсизлигига масъул шахслар тайинланди.
Яқин кунларда ҳаво ҳароратининг пасайиши кутилаётгани эътиборидан, масжидларнинг техник ва ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги, иссиқ сув ҳамда иссиқлик энергияси билан таъминлаш тизимларини навбатдаги назоратдан ўтказиш ишлари якунланмоқда. Ушбу тадбирларга Фавқyлодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ва коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар мутахассислари жалб этилди.
Ўрганишлар давомида белгиланган талабларга жавоб бермайдиган айрим масжидлардаги иссиқ сув ҳамда иссиқлик энергияси билан таъминлашдаги камчиликлар қисқа муддатларда бартараф этилди. Шунингдек, иситиш тизимида қуёш панеллари, геоколлекторлар, муқобил энергия манбаларидан унумли фойдаланиш ва шароитга қараб, кўмир заҳираларини тайёрлаш каби чора-тадбирлар кўрилди.
Мана шундай кенг кўламли чора-тадбирлардан асосий мақсад фуқароларимиз хотиржам, эмин-эркин ибодат қилиши учун қулай ва хавфсиз шароитлар яратишдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Наманган вилояти Уйчи туманидаги "Девонабобо" жоме масжиди имом-хатиби Абдуфаттоҳ домла Мусахановнинг волидаи меҳрибонларининг вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, Уламолар кенгаши аъзолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига, хусусан, Абдуфаттоҳ домла Мусахановга ҳамдардлик билдиради.
Жаноза бугун, 14 июль куни шом намозидан сўнг Уйчи туманидаги "Машҳад мозор" жоме масжидида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси