Хабар берганимиздек, шу йилнинг 6-7 октябрь кунлари Андижон вилоятида имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини оширишга бағишланган илмий-амалий семинар доирасидаги тадбирлар бошланди. (https://t.me/muslimuzportal/42926)
Мутасаддилар томонидан бош имом-хатибларга ўзларига бириктирилган Андижон вилоятининг туман-шаҳарларидаги масжидлар ҳолати ва имом-хатиблар фаолиятини ўрганиш юзасидан тавсиялар берилди.
Кеча, 6 октябрь куни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар бош имом-хатиблари “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолияти билан танишдилар. Бош имом-хатибларга билим юрти раҳбари Рустамжон домла Маҳмудов ҳамроҳлик қилиб, батафсил маълумот берди.
Семинар қатнашчилари билим юрти фаолияти, педагог-ўқитувчи ва талабаларга яратилган шарт-шароитларни кўздан кечиришди. Ўқув хоналари, дарс жараёнлари, Ахборот ресурс маркази, кутубхона, талабалар ётоқхоналарида бўлиб, талабалар билан дилдан мулоқот қилдилар.
Суҳбатлар асносида талабаларга барча билимларни пухта эгаллаши, келажакда етук олим бўлиб етишишга астойдил ҳаракат қилиши лозимлиги таъкидланди. Илм талаб қилиш йўлида чекиладиган машаққатлар, илмга амал қилиш кишини зийнатлаши, илм аҳлининг даражалари ҳақида ҳаётий мисоллар келтирилиб, толиби илмларга рағбатлар берилди. Талабалар билан олаётган таҳсиллари борасида савол-жавоблар қилинди. Улар берган жавоблар меҳмонларни ҳайратда қолдирди.
Маълумот учун, “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти 1992 йилда Андижон вилояти Олтинкўл тумани Жалабек қишлоғида фаолият бошлаган. Билим юртига Жалабек қишлоғида ХХ асрнинг бошларида яшаб ўтган дин, миллат, ватан учун катта хизматлар қилган, ўз даврида Андижон вилояти қозиси, эски шаҳардаги мадраса бош мударриси бўлган Саййид Муҳйиддин домланинг номи берилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон ва ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси котибияти вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимизнинг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилган мулоқотда маҳалла билан боғлиқ маданий анъана ва урф-одатлар, уларни халқаро даражада тарғиб қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси котиби Фумико Охината ва Осиё-Тинч океани минтақаси учун масъул дастур мутахассиси Николас Тан мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.
Ўзбекистон томонидан Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси вакиллари маҳалланинг кўп асрлик тарихи, унинг жамият ҳаётидаги алоҳида ўрни ва миллий анъаналарни сақлашдаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Учрашувда маҳалла Ўзбекистон халқи турмуш тарзининг ажралмас қисми экани таъкидланди. У инсонларни яхши қўшничилик, ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатлик ва катта авлод вакилларига ҳурмат тамойиллари асосида бирлаштиради.
ЮНЕСКО Котибияти вакиллари тақдим этилган материалларга катта қизиқиш билдирди. Улар Ўзбекистонда маҳалла билан боғлиқ шаклланган жамоат ҳаёти тартибининг ўзига хос хусусиятларини эътироф этди.
Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг номоддий маданий меросни тарғиб қилишдаги роли алоҳида қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, ўзбек маҳалла тизими тажрибаси ЮНЕСКО Котибияти мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати