Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Август, 2026   |   13 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:18
Қуёш
05:43
Пешин
12:25
Аср
17:09
Шом
19:10
Хуфтон
20:30
Bismillah
26 Август, 2026, 13 Рабиъул аввал, 1448
Янгиликлар

Талабалар билан дилдан мулоқот: Бош имомлардан ҳаётий насиҳатлар ва рағбатлар

07.10.2025   12066   1 min.
 Талабалар билан дилдан мулоқот: Бош имомлардан ҳаётий насиҳатлар ва рағбатлар

Хабар берганимиздек, шу йилнинг 6-7 октябрь кунлари Андижон вилоятида имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини оширишга бағишланган илмий-амалий семинар доирасидаги тадбирлар бошланди. (https://t.me/muslimuzportal/42926)

Мутасаддилар томонидан бош имом-хатибларга ўзларига бириктирилган Андижон вилоятининг туман-шаҳарларидаги масжидлар ҳолати ва имом-хатиблар фаолиятини ўрганиш юзасидан тавсиялар берилди.

Кеча, 6 октябрь куни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар бош имом-хатиблари “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолияти билан танишдилар. Бош имом-хатибларга билим юрти раҳбари Рустамжон домла Маҳмудов ҳамроҳлик қилиб, батафсил маълумот берди.

Семинар қатнашчилари билим юрти фаолияти, педагог-ўқитувчи ва талабаларга яратилган шарт-шароитларни кўздан кечиришди. Ўқув хоналари, дарс жараёнлари, Ахборот ресурс маркази, кутубхона, талабалар ётоқхоналарида бўлиб, талабалар билан дилдан мулоқот қилдилар. 
Суҳбатлар асносида талабаларга барча билимларни пухта эгаллаши, келажакда етук олим бўлиб етишишга астойдил ҳаракат қилиши лозимлиги таъкидланди. Илм талаб қилиш йўлида чекиладиган машаққатлар, илмга амал қилиш кишини зийнатлаши, илм аҳлининг даражалари ҳақида ҳаётий мисоллар келтирилиб, толиби илмларга рағбатлар берилди. Талабалар билан олаётган таҳсиллари борасида савол-жавоблар қилинди. Улар берган жавоблар меҳмонларни ҳайратда қолдирди.

Маълумот учун, “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти 1992 йилда Андижон вилояти Олтинкўл тумани Жалабек қишлоғида фаолият бошлаган. Билим юртига Жалабек қишлоғида ХХ асрнинг бошларида яшаб ўтган дин, миллат, ватан учун катта хизматлар қилган, ўз даврида Андижон вилояти қозиси, эски шаҳардаги мадраса бош мударриси бўлган Саййид Муҳйиддин домланинг номи берилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

 Талабалар билан дилдан мулоқот: Бош имомлардан ҳаётий насиҳатлар ва рағбатлар  Талабалар билан дилдан мулоқот: Бош имомлардан ҳаётий насиҳатлар ва рағбатлар  Талабалар билан дилдан мулоқот: Бош имомлардан ҳаётий насиҳатлар ва рағбатлар  Талабалар билан дилдан мулоқот: Бош имомлардан ҳаётий насиҳатлар ва рағбатлар  Талабалар билан дилдан мулоқот: Бош имомлардан ҳаётий насиҳатлар ва рағбатлар  Талабалар билан дилдан мулоқот: Бош имомлардан ҳаётий насиҳатлар ва рағбатлар  Талабалар билан дилдан мулоқот: Бош имомлардан ҳаётий насиҳатлар ва рағбатлар
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Зеки Каймаз: Келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунёда ёрқин юлдуз сифатида кўраман

21.08.2026   58123   2 min.
Зеки Каймаз: Келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунёда ёрқин юлдуз сифатида кўраман

Турк тили институти Илмий кенгаши аъзоси, филолог олим, профессор Зеки Каймаз Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Аввало, Ўзбекистон халқини истиқлолнинг 35 йиллиги муносабати билан чин кўнгилдан табриклайман. Ўттиз беш йил оз вақт эмас. Мен юз йилдан ошган мустақил Туркия фуқароси сифатида Сизларга ҳам яна кўп асрлар мустақиллик шодиёнасини нишонлашингизни тилайман.

Тарихга назар ташласак, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан яқин муносабатда бўлиб келганмиз. Айниқса, Туркиядаги миллий озодлик кураши даврида бизга бу диёрдан жўнатилган кўмакни доимо катта миннатдорлик билан ёдга оламиз.

Қардош ўзбек халқи биз учун доимо яқин биродар, қалин дўст бўлиб келган. Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти бизни жуда мамнун қилади. Ушбу заминга ҳар борганимда гўзал ва обод мамлакатни кўрамаз. Юртингизда маданият ва маърифат ўчоқлари бисёр. Албатта, бу тамаддун ва цивилизациянинг илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалади.

Марказий Осиёдаги илк ўрта асрлардаги Биринчи ренессанс ҳамда Амир Темур асос солган Иккинчи ренессанс даврларида бу заминда буюк цивилизация шаклланди. Тошкентда бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси, Имом Мотуридий зиёратгоҳи каби маданий-маънавий масканлар ислом оламида муҳим аҳамиятга эга.

Геостратегик мавқеи нуқтаи назаридан, мен келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунё, хусусан, Марказий Осиё давлатлари орасида ёрқин юлдуз сифатида кўраман.

Бунинг сабаблари бор, албатта. Аввало, мамлакатдаги кучли иқтисодиёт. Қолаверса, чуқур илдизларга эга бўлган бой маданият ва тарих. Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва яқин ҳамкорлик алоқалари ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Тилагим – дўстлик ришталаримиз янада мустаҳкамлансин, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари юқори даражага кўтарилсин.

Яна бир бор мустақиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман ва ўзбек халқига самимий саломларимни йўллайман.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари