Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оминанинг ҳомиласи оддий ҳомила эмас эди. Бу ҳомила хайр-барака ҳомиласи эди. Аллоҳ таоло ана шу ҳомиланинг баракасидан Каъбани бузиб ташлаш ниятида Маккага бостириб келган Абраҳа бошлиқ фил эгаларини ҳалок этди.
Омина эса ўзида ҳомиладор аёлларда бўладиган машаққатларни мутлақо сезмас эди. Тушида ғойибдан келган овоз унга «Албатта, сен ушбу умматнинг улуғига ҳомиладор бўлдинг», дер эди.
Аллоҳ таоло фил эгаларини ҳалок этганидан эллик кун ўтиб, Оминани тўлғоқ тутди. Бу тўлғоқ оддий тўлғоқ эмас эди. Оминанинг ҳомиласи одатдаги ҳолатлардан тамоман ўзгача бир ҳолатда ёруғ дунёга келди. Унинг қорнидан гўё бир нур – гўдак худди сажда қилаётгандек ҳолда ерга тушди.
Дунёни нурга тўлдирган, бутун мавжудотни бахтга чўмдирган бу улуғ кун Робиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни, душанба куни (милодий 570 йил, 20 апрель) эди.
У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишларига боғлиқ ажойиботлар
Ўша куни одамлар кўпгина одатдан ташқари ҳодисаларнинг шоҳиди бўлдилар:
1. Бутлар ларзага тушиб, қимирлаб кетди. Баъзилари юзтубан ерга йиқилди. Чунки уларни йўқ қилувчи зот дунёга келган эди.
2. Маккадан бир нур зоҳир бўлиб, Шомдаги қасрларни ёритиб юборди. Чунки бутун дунёга иймон нурини элтувчи зот дунёга келган эди.
3. Ҳишом ибн Урванинг таъкидлашича, ўша куни Маккада тожирлик қилувчи бир яҳудий қурайшликлар тўпланиб ўтирган жойга келиб:
«Эй қурайшликлар жамоаси, бугун сизларда бирор бола туғилдими?», деган. Улар:
«Билмадик», дейишган. Шунда ҳалиги яҳудий:
«Аллоҳу Акбар! Аммо билмаган бўлсангиз, билинг! Сизга айтадиган гапимни яхшилаб ёдлаб олинг! Бугун ушбу охирги умматнинг набийси туғилди. Унинг икки кураги орасида аломат бор. Аломатнинг устида туклар бор», деди.
4. Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Етти-саккиз ёшдаги бола эдим. Кўрган-эшитган нарсамга ақлим етар эди. Бир куни эрталаб Ясрибда бир яҳудий:
«Эй яҳудийлар жамоаси!» деб бақириб қолди. Унинг олдига тўпланишди. Мен эшитиб турибман. Улар:
«Шўринг қурғур, сенга нима бўлди?» дедилар.
«Батаҳқиқ, бу кеча туғиладиган Аҳмаднинг юлдузи чиқди!» деди».
5. Махзум ибн Ҳонеъ ал-Махзумийнинг айтишича, ўша куни Форс подшоҳи Кисронинг айвони ларзага келиб, ўн иккита болахонаси қулаб тушган. Мажусийларнинг минг йилдан буён ўчмай турган оловлари ўчиб қолган.
Баъзи бир кишиларга бу гаплар ғалатироқ туюлиши мумкин. Лекин бор ҳақиқат шу. Бу ҳодисалар турли тарихчилар томонидан, жумладан, мусулмон эмаслари томонидан ҳам ўрганиб чиқилган. Уларнинг барчаси мазкур ҳодисалар муболаға эмаслигини тасдиқлаганлар.
Буларнинг ҳаммаси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келажакда ким бўлишларига ишорат эди.
Омина янги туғилган гўдакнинг суюнчилик хабарини бериш учун Абдулмуттолибга одам юбориб, «Сизга бир ғулом туғилди, келиб, унга бир назар солинг», деди.
Эҳтимол, у киши бу билан янги куёвлик чоғидаёқ вафот этган ўғлининг кўйида ўртаниб юрган кекса отанинг кўнглига бир оз қувонч киришини истагандирлар.
Абдулмуттолиб қувончга тўлган ҳолида шошиб, етиб келди. Мурғак набирасини қўлига олиб, ўпди. Уни авайлаб кўтариб, Каъбаи Муаззаманинг ичига олиб кирди. Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, дуои хайрлар қилди. Сўнгра набирасига Муҳаммад деган исм қўйди. Араблар ичида бу исм ҳали тарқалмаган эди. Одамлар ҳайрон қолишди...
Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг бешта исмим бор. Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этур. Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг икки қадамим олдига одамларни ҳашр этур. Мен Оқибман», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг асосий исмларига қўшиб, яна тўртта сифатларидан келиб чиқадиган исмларини ҳам тилга олмоқдалар:
1. Муҳаммад.
Бу муборак исмнинг луғавий маъноси «ҳамд-мақтов айтилган»дир. Араб тилининг хусусиятларидан келиб чиқиб, тилшунос уламолар «Айни шу сийғадан, яъни Муҳаммад сийғасидан «Мақтови тинмай янгиланиб турувчи» деган маъно чиқади», дейдилар.
Тарихчиларнинг ривоят қилишларича, Омина онамиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳомиладорлик вақтларида кўрган тушларида болалари туғилганда уни Муҳаммад деб номлашлари кераклиги айтилган экан.
Шунингдек, Абдулмуттолиб ҳам тушида ўз сулбидан одатдагидан бошқа улуғ мақомга сазовор бўладиган фарзанд туғилишига ишора қилувчи ҳолатни кўрган экан. Икки тушнинг таъсирида ва келиннинг гапига биноан, Абдулмуттолиб набирасини Муҳаммад деб атаган.
Тарихчиларнинг таъкидлашларича, ўша вақтгача арабларнинг ичида фақат уч кишига Муҳаммад исми қўйилган экан.
Бир гуруҳ кишилар бир подшоҳнинг ҳузурида бўлишибди. У аввалги китоблардан хабардор экан. Подшоҳ суҳбат давомида Ҳижоз томондан Муҳаммад номли пайғамбар чиқишининг хабарини айтибди.
Меҳмонлар ичидан уч кишининг хотинлари ҳомиладор экан. Учовлари ҳам «Хотиним ўғил туғса, исмини Муҳаммад қўяман», деб ният қилибдилар. Уларнинг хотинлари ўғил туғибди. Фарзандларни яхши ният билан Муҳаммад деб номлабдилар.
Улар қуйидаги кишилар эканлар: Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Мужошеъ, Муҳаммад ибн Уҳайҳа ибн ал-Жулааҳ ва Муҳаммад ибн Ҳимрон ибн Робийъалар.
2. Аҳмад.
Бу муборак исмнинг маъноси «Кўп ҳамд айтувчи» бўлиб, бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога кўп ҳамд айтишларига ишорадир. Аввалги самовий китоблардаги башоратларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фақат Аҳмад исмлари келган.
3. Моҳий.
Бу исмнинг маъносини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари «Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этур» деб баён қилиб бермоқдалар.
Биз маҳв этишнинг ҳозирги пайтдаги кўпроқ ишлатиладиган маъносини оладиган бўлсак, «ўчириб ташлаш» маъноси тўғрироқ келса керак. Яъни Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ила куфрни ўчириб ташлайди.
4. «Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг икки қадамим олдига одамларни ҳашр этур».
Яъни Аллоҳ таоло қиёмат куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадамлари олдига ҳашр майдонида халойиқни тўплайди.
5. Оқиб.
Бу муборак исмнинг маъноси «ортдан келувчи» деганидир. Чунки Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма пайғамбарларнинг ортидан охирги пайғамбар бўлиб келганлар, у кишидан кейин бошқа пайғамбар келмайди.
«Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўзларини бир неча исмлар ила номлар эдилар: Мен Муҳаммадман, Аҳмадман, Муқаффийман, Ҳоширман, Набийюттавбаман, Набийюрроҳмаман», дер эдилар».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда аввал зикр қилинмаган учта исм зикр қилинмоқда:
1. Муқаффий.
Бу муборак исмнинг маъноси ҳам «орқадан келувчи» бўлиб, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнгги пайғамбар эканликларини англатади.
2. Набийюттавба.
Бу муборак исмнинг маъноси «тавба пайғамбари» деганидир.
3. Набийюрроҳма.
Бу муборак исмнинг маъноси «раҳмат пайғамбари» дегани.
"Ҳадис ва ҳаёт" китобидан
Устоз – муаллимсиз қолганда замон,
Нодонликдан қаро бўларди замон.
Абдураҳмон Жомий
Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Албатта, бу байрам Юртимизда устозларга бўлган ҳурматнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида устозларга эҳтиром аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган буюк қадриятларимиздан саналади. Бу ёруғ оламда онадек меҳрибон, отадек ғамхўр, ҳар биримиз учун азиз ва мўътабар бўлган улуғ зот бу муаллим ва мураббийлардир.
Илм руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга «пайғамбарларнинг меросхўрлари» деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:
“….Аллоҳ Сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни баланд даража (мартаба) ларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят).
Илму маърифат зиёсини тарқатиш савобли амал бўлиб, бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиздир. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:
«Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги чумоли ва ҳаттоки балиққача одамларга яхшиликни таълим берувчига салавот айтадилар» (Имом Термизий ривояти).
Устоз ва мураббийлар жамият биносининг бинокорлари, онгу тафаккур муҳандислари ва маърифат боғининг боғбонларидир. Устоз ва муаллим ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун беқиёс меҳнат қилади. Шунинг учун ҳам унинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоя катта ва улуғдир.
Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етишадилар. Бинобарин, устозу муаллимларни рисоладагидек ҳурматламай туриб, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимиздан эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахслар, олиму зиёли, шифокору муҳандис, ходиму тадбиркор каби кишилик жамиятига фойдаси тегадиган керакли ва фидойи инсонларни кутиш мумкин эмас.
Ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам бизда шогирдларига илм – ҳикматни танитувчи устозлар ҳурмат қилинган. Бу ҳақида қуйидаги ривоятларни келтириб ўтиш фойдадан ҳоли бўлмас:
Муҳаддислар султони Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) бир муддат Маккаи мукаррамада дарс берганлар. Бир зиёратчи Имом ҳазратларига Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Шунда Имом Бухорий зиёратчининг устозлар юртидан келганини билиб, уни қучоқ очиб кутиб олганлар ва чексиз эҳтиром кўрсатиб меҳмон қилганлар. Ундан салом хабарини эшитганларида Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олганлар ва табаррукона мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан танишиб чиққанлар.
Имоми аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: «Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. (Нафақат у) Балки, кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман».
Устоз деганда фақатгина диний билимларни таълим берган кишиларни эмас, балки, ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини ҳам унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз ‒ Исломда илмлар диний, дунёвийга ажратилмайди. Балки, фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади.
Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда тенглар ичра тенг овоз билан халқаро майдонда ўз мавқеига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир.
Динимиз таълимотига кўра ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди.
1-октябрь "Ўқитувчи ва мураббийлар" куни билан бугунги кунда динимиз равнақи, ёш авлодни соғлом эътиқод, ватанпарварлик ва юксак ахлоқ руҳида тарбиялашда жонбозлик кўрсатаётган барча устоз ва мураббийларимизни чин қалбдан муборакбод этамиз!
Аллоҳ таоло ҳар бир устозимизга сиҳат-саломатлик, узоқ умр, илмий ва маърифий фаолиятларида улкан зафарлар ато этсин. Қилган барча солиҳ амаллари ва ўргатган илмлари уларга садақаи жория бўлиб турсин!
Ҳамиша эъзозда ва эҳтиромда бўлинг, қадрли устозлар!
Одилжон Нарзуллаев
Янгийўл тумани “Қирсадақ”
жоме масжиди имом хатиби