Фарғона вилоятида диний соҳа вакиллари ўртасида спортнинг мини-футбол тури бўйича “Фарғона вилояти ҳокими кубоги” бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилояти вакиллиги тизимидаги масжидларда фаолият кўрсатаётган диний соҳа вакиллари ҳамда вилоятдаги ноисломий диний ташкилотларда фаолият кўрсатаётган диний конфессиялар вакилларидан ташкил топган 16 та жамоа иштирок этди.
Мусобақанинг ҳал қилувчи босқичида Бувайда, Данғара, Бағдод тумани ва Қувасой шаҳри жамоалари ғолиблик учун курашдилар. Финалда Бувайда тумани жамоаси турнир ғолиблигини қўлга киритди. Данғара туманига иккинчи, Бағдод туманига эса учинчи ўрин насиб қилди.
Мусобақа ғолиблари ва фаол иштирокчилари Вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
«Вақф» хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиалининг фидойи ходимлари ва волонтёрлари томонидан саховатпеша халқимиз томонидан қилинган хайр-эҳсонлар эзгу мақсадлар йўлида сарфланмоқда.
Навбатдаги хайрия тадбири доирасида Учкўприк туманида яшовчи, жигар циррози касаллигига чалинган оғир бемор Казаков Илёсжон Ёқубовичнинг ҳолидан хабар олиниб, унга жарроҳлик амалиёти харажатлари учун 132 миллион 500 минг сўм миқдорида хайрия маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, Мусҳаф ва бошқа эҳсонлар топширилди.
Бугун беморлар ва эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган бундай кўмак — халқимизнинг меҳр-оқибати, саховати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати