Ҳамюртларимиз айни кунларда Расулуллоҳ ﷺ шаҳарлари — муборак Мадинада ибодат ва зиёратлар билан машғул. Муборак сафарга Фатво маркази уламоси ва тажрибали элликбошилар бошчилик қилмоқда.
Улар зиёратчиларни Уҳуд тоғи ва Қубо масжидларига олиб бориб, бу муборак жойларнинг Ислом тарихида тутган ўрни ҳақида таъсирли маърузалар қилдилар.
Мадина ҳавосидаги сукунат, уламоларнинг қалбга кириб борувчи сўзлари ва зиёратчиларнинг ихлосли дуолари — ҳар бир инсонга завқу шавқ бағишлайди.
Аллоҳ таоло бу сафардaги ҳамюртларимизнинг ибодат ва зиёратларини қабул айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида муқаддас Рамазон ойи муносабати билан ватандошлар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар кўтаринки руҳда ташкил этилмоқда.
Жумладан, Лондон шаҳрининг Бекслей ҳудудида Ал-Хоразмий маркази томонидан ташкил этилган тадбирда 80 га яқин ватандошимиз иштирок этди. Дастлаб ифторлик дастурхони ёзилиб, сўнг таровеҳ намози адо этилди.
Ифторлик ва таровеҳ намози орасида “Ислом инсонийлик динидир” мавзусида маънавий-маърифий суҳбат бўлиб ўтди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.
Шунингдек, Лондон шаҳрининг Жанубий Вудфорд ҳудудида жойлашган Central Asia Community (Марказий Осиё жамоаси)да ҳам ифторлик тадбири ўтказилди. Унда 250 нафарга яқин ватандош қатнашди. Йиғинда “Ислом – тинчлик ва гўзал ахлоқ дини” мавзусида маъруза қилиб берилди.
Суҳбат ва маърузалар Тошкент шаҳридаги “Имом Термизий” масжиди имом-хатиби Яҳё домла Абдураҳмонов томонидан олиб борилмоқда. Таровеҳ намозларида Қуръони карим хатми ҳам адо этилмоқда.
Бундай маънавий-маърифий тадбирлар хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни бирлаштириб, улардаги ватанпарварлик ҳиссини оширишга, ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик муҳитини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати