1991 йилдан буён фаолият юритаётган Жинна илмий-тажриба станцияси Антарктика қитъасидаги илк намозгоҳ сифатида расман тасдиқланган маскан ҳисобланади. Станция Покистоннинг илмий базаcи бўлиб, мамлакатнинг қутб минтақасини тадқиқ этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида ташкил этилган.
Шарқий Антарктика ҳудудида жойлашган мазкур станция 1991 йилда ташкил этилган бўлиб, илмий ва логистик марказ сифатида хизмат қилиб келмоқда. Станция Покистоннинг Океанография миллий институти томонидан бошқарилади ва музшунослик, денгиз биологияси ҳамда иқлимшунослик бўйича тадқиқотлар олиб борилади.
Станция фаолияти бошланган илк кунларданоқ Антарктикадаги мусулмон мутахассислар ўзларининг ибодатларини бажариб келмоқдалар. Қаттиқ совуқ, ойлаб давом этувчи тунда ҳам улар намозларини мунтазам адо этиб келишган. Илгари вақтинчалик экспедицияларда ҳам айрим одамлар Антарктикадада намоз ўқиган бўлиши мумкин, лекин илк жамоавий намозлар айнан Жинна станцияси доимий фаолият бошлаши билан йўлга қўйилган.
Станциянинг асосий яшаш жойи ичида кичик намозгоҳ ташкил этилган бўлиб, Антарктика минтақасига мос ҳисоб-китоблар асосида қибла йўналиши аниқлигида қурилган.
Антарктика шартномаси бандларида барча тадқиқот станцияларида диний эркинлик ва ибодат ҳуқуқини таъминлаш ва ҳурмат қилиш қайд этилган. Покистон ҳукумати маълумотларига кўра, Жинна Антарктика станцияси ҳозир ҳам фаолият юритмоқда, илмий изланишлар билан бирга мутахассисларнинг диний эҳтиёжлар учун ҳам шароит яратилган.
Мазкур станция Покистон Республикасининг асосчиси — Муҳаммад Али Жинна номи билан аталган.
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси
Пўлатхон Каттаев тайёрлади
Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналарига саноқли кунлар қолди. Айём арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари етказиб бериляпти.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида имом-домлалар, ҳомийлар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида йиғилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида тайёрланган озиқ-овқатлар жамланмаси, ширинликлардан иборат эҳсонлар билан хонадонларга кириб борилди.
Кўнгли ўксик инсонлар байрам туҳфаларини олиб, азиз юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлишди.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати