Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллома Косоний раҳимаҳуллоҳ “Бадоеъус саноеъ” китобида бундай ёзадилар: “Уламоларнинг ягона фикрига кўра, агар жавробларнинг матоси сув сизиб ўтадиган даражада юпқа бўлса, уларга масҳ тортиш мумкин эмас”.
Аллома ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ ҳам бундай дейдилар: "Ип ёки жундан қилинган жавробларга масҳ тортиш мумкин эмас. Бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Кийилган жавроб бир фарсах (уч мил, тахминан 6 км.) дан ортиқ йўл юрса бўладиган даражада қалин бўлсагина, уламоларнинг фикрида бироз фарқ учраши мумкин" (Манба: “Ал-Баҳрур-Роиқ” китоби).
Агар кимдир ҳозирги юпқа пайпоқларга масҳ тортаётган бўлса, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва у зотнинг икки шогирдлари ҳамда имом Молик, имом Шофеий, имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мазҳабларига кўра унинг таҳорати дуруст бўлмайди.
Имомнинг маҳсисини қандай эканини аниқ билиш лозим. Агар ҳозирги кунимиздаги синтетик, яъни одатий пайпоққа масҳ тортиб намоз ўқиётган бўлса, ундай имомга мутлақо иқтидо қилиб бўлмайди. Чунки ўша имом таҳоратда битта фарзни тарк қилаётган бўлади.
Пайпоққа масҳ тортиб бўлмаслик ҳақидаги далиллардан хулоса қилиб айтадиган бўлсак, барча фақиҳлар ва мужтаҳидлар сув сизиб ўтадиган, оёқда ўзини тутиб тура олмайдиган, яъни боғичсиз тушиб кетадиган, урфдаги қисқа сафар масофаси (≈5,5 км)гача кийиб юрилса, йиртилиб кетадиган пайпоқлар ва пойабзалга масҳ тортиш жоиз эмаслигига иттифоқ қилганлар. Бугунги кунимизда кийилаётган ип, пахта, жун, нейлон ва бошқа нарсалардан қилинган пайпоқларда юқорида уламоларимиз айтиб ўтган жавробларнинг хусусиятлари йўқ, шунинг учун уларга масҳ тортиб бўлмайди.
Агар кимдир ҳозирги юпқа пайпоқларга масҳ тортаётган бўлса, Имом Абу Ҳанифа ва у зотнинг икки шогирдлари ҳамда Имом Молик, Имом Шофеий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳимнинг мазҳабларига кўра, унинг таҳорати дуруст бўлмайди.
Хулоса:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламолар ҳайъати пайпоқ-маҳси (жавроб) масаласида фиқҳий манбаларни атрофлича ўрганиб, бир қанча муҳокамалардан кейин ўзининг навбатдаги фатвосини эълон қилди. Ушбу фатвонинг хулосаси қуйидагилардан иборат:
1. Агар маҳси тўлиқ теридан бўлса, унга масҳ тортиш жоиз. Бу борада мужтаҳидлар орасида ихтилоф йўқ;
2. Тўпиқни ёпиб турадиган, этикка ўхшаган пойафзалларга масҳ тортиш жоиз.
3. Бугунги кунда кийилаётган оддий пайпоқларга масҳ тортиш мутлақо жоиз эмас.
4. Пайпоқ-маҳси (жавроб) устига ҳеч нарса киймасдан бир фарсах (6 км) юришга яраса, боғичсиз ўзи оёқда турадиган, ташидан ичи (яъни оёқ) кўринмайдиган, сувни дарҳол ўтказиб юбормайдиган бўлса, унга масҳ тортиш жоиз.
Мўмин-мусулмонларга қулайлик яратиш учун пайпоқ-маҳси ишлаб чиқараётган ёки уларни чет эллардан олиб келаётган тадбиркорлар ўз фаолиятларини юқорида айтилган шартларга риоя қилган ҳолда олиб боришларини тавсия қиламиз. Ушбу шартлар топилиши баробарида пайпоқ-маҳсиларнинг остини эҳтиёт юзасидан теридан қилишлари, намозхонларимиз ҳам ушбу жиҳатга эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқдир.
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Жаъфархон СУФИЕВ.
Тараққиётимизнинг янги даврида диний-маърифий ва илмий-тадқиқот соҳаларида, хусусан, Қуръон илмларини чуқур ўрганиш йўналишида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, юртимизда асраб-авайланаётган Каломуллоҳнинг энг ноёб нусхаси – Ҳазрати Усмон Мусҳафининг пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказининг бош залига ўз мақомига муносиб тарзда жойлаштирилиши, мамлакатимиз бўйлаб Қуръони карим ва тажвид курсларининг фаолият юритаётгани ҳамда мусҳафларнинг юқори сифатда нашр этилаётгани бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг ёрқин мисолидир. Шунингдек, ҳар бир савобли ишни ояти карималар тиловати билан бошлаш анъанаси Аллоҳнинг каломига бўлган юксак эҳтиром рамзидир.
Мана шундай хайрли ишларнинг узвий давоми сифатида халқаро миқёсдаги Қуръон ва тажвид устози, ўн қироат илми бўйича дунёдаги энг таниқли уламолардан бири — доктор Шайх Айман Сувайд ҳазратларининг юртимизга илмий сафари ташкил этилмоқда.
Ушбу ташрифдан кўзланган асосий мақсад юртимиздаги Қуръони карим ва тажвид курслари устозларининг малака ва маҳоратини ошириш, назарий ҳамда амалий билимларини бойитиш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашишдир.
Маълумот учун:
Шайх Айман ибн Рушдий Сувайд Қуръони карим бўйича Бутунжаҳон ташкилоти Илмий кенгаши раиси ҳисобланади. Олим Мисрдаги машҳур «Ал-Азҳар» ва Саудия Арабистонидаги «Уммул-қуро» университетларида таҳсил олиб, докторлик илмий даражасини олган. Унинг 40 йиллик илмий-тадқиқотлари маҳсули бўлган «ат-Тажвид ал-Мусоввар» асари ва «Иқро» телеканалидаги туркум кўрсатувлари кенг оммага яхши танишдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати