Абу Ҳанифа айтдилар: "Мен даҳръ (абадий вақт) нима эканини билмайман." Яъни, "Мен унга "даҳр" гапирмайман," деган иборадаги "даҳр" сўзидан қанча муддат қасд қилинганини билмаганлар. Шунингдек, Имом Абу Ҳанифа қуйидаги масалаларда ҳам таваққуф қилиб жавоб бермаганлар. Жумладан:
Биринчи савол: "Фақат нажосат билан озиқланган ҳайвоннинг гўшти қачон ҳалол бўлади?"
Бу масалада уламолар ихтилоф қилганлар: баъзилар уч кундан кейин ҳалол бўлади, деган бўлсалар, бошқалари етти кундан кейин, деганлар. Имом Абу Ҳанифа ушбу масалада таваққуф қилиб жавоб бермаганлар.
Иккинчи савол: "Овчи итни қачон "ўргатилган" деб ҳисоблаш мумкин?"
Имом бу масаланинг ечимини амалий тажриба билан шуғулланган кишига қолдирганлар. Ушбу масалада баъзи уламолар: "Агар ит уч марта овини емаса, у ўргатилган ҳисобланади", деганлар.
Учинчи савол: "фарзандни хатна қилиш ёши қачон?"
Бу масалада уламолар ихтилоф қилганлар: баъзилар болани 10 ёшида суннат қилиш керак, деганлар; баъзилар эса 7 ёшида ёки 12 ёшида қилиш керак, деб айтганлар. Имом Абу Ҳанифа эса ушбу масалада таваққуф қилиб жавоб бермаганлар.
Тўртинчи савол: "Хунаса (яъни икки жинсли одам) сийдикни икки жойдан чиқарса, уни эркак ёки аёл эканига қандай ҳукм берилади?"
Бу масаланинг жавобини Имом Абу Ҳанифа ушбу дарт ила балоланган кишига қолдириб: "Сийдикнинг қайси жойдан кўпроқ чиқишига қарайди", деб тўхталганлар.
Бешинчи савол: эшакнинг ортган сувининг поклиги масаласи бöлиб,
Абу Ҳанифа эшакнинг ортган сувининг пок ёки нопоклиги масаласида қарор чиқармаганлар.
Олтинчи савол: "Фаришталар пайғамбарлардан афзалми ёки йўқми?"
Бу масалада баъзи уламолар пайғамбарлар ва махсус инсонлар фаришталардан афзал, деганлар. Имом Абу Ҳанифа эса ушбу масалада таваққуф қилиб жавоб бермаганлар.
Еттинчи савол: "Мушрикларнинг ёш ҳолатда вафот этиб кетган болалари охиратда қаерда бўлади?"
Бу масалада баъзи уламолар мушрикларнинг болалари жаннатда бўлади, деганлар. Имом Абу Ҳанифа ушбу масалада таваққуф қилиб жавоб бермаганлар.
Саккизинчи савол: "Масжид деворини шахсий мол билан безаш мумкинми?"
Баъзи уламолар зарурат бўлса, масжидни безаш мумкин, деганлар. Имом Абу Ҳанифа ушбу масалада таваққуф қилиб жавоб бермаганлар.
Тўққизинчи савол: "Жинларнинг итоат ва ибодатлари туфайли охиратда инсонлар каби мукофотланишлари масаласи"
Бу масалада Имом Абу Ҳанифа жинлар ҳам инсонлар каби мукофотланадими ёки йўқми, деган саволда аниқ бир фикр билдирмаганлар.
Хулоса қилиб айтганда, бу ҳолатлар Имом Абу Ҳанифанинг чуқур илмий эҳтиёткорлиги, тақвоси ва шаръий масалаларда асосли далилларсиз қарор чиқармаганликларини кўрсатади. Шунингдек, улар Қуръон ва Суннатни ижтиҳодларининг асосий манбаси сифатида кўрганлар ва қиёсни ҳеч қачон улардан устун қўймаганлар.
Азизбек Боқиев,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқот тизими фуқароларнинг мурожаатларини атрофлича ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.
12 август куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг арз, таклиф ва мурожаатларини тингладилар. Юзма-юз суҳбат жараёнида масжидлар ҳолати ва фаолияти, имом-хатиблар иши, Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатишга оид кўплаб масалалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби қабуллар ва фуқаролар билан мулоқот тадбирлари Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-хатиблар томонидан ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати