Нукус шаҳридаги "Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний" ўрта махсус ислом билим юрти кичик спорт майдонида "Спорт - саломатлик гарови" шиори остида мусобақа ташкил этилди.
Ушбу футбол мусобақаси қарийб икки ҳафта давомида кўтаринки кайфиятда, соғлом рақобат руҳида ўтди. Талабалар ўз жамоалари билан ғалаба учун курашар экан, ўзаро ҳурмат, жамоавийлик ва спортга бўлган меҳрини намоён этди. Беллашувларда ҳар бир жамоа ғалабага муносиб ўйин намойиш этди, томошабинлар эса ҳар бир гол ва ҳаракатни қизғин олқишлар билан кузатиб борди.
Уч гуруҳда, жами 11 жамоа ўйинларда иштирок этди. Дастлабки ўйинда А гуруҳидан, В гуруҳидан ва С гуруҳидан ғолиблар аниқланиб, кейинги босқичга йўлланма олди.
Якунига кўра, 4-Б курс талабаларидан тузилган гуруҳ 3-ўринни, 2-А курс талабаларидан тузилган гуруҳ 2-ўринни ва 4-С курс талабаларидан тузилган гуруҳ 1-ўринни эгаллади.
Ғолиб жамоалар билим юрти жамоаси томонидан тайёрланган диплом ва совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, мусобақа давомида энг яхши дарвозабон, энг яхши ҳужумчи, энг яхши ўйинчилар аниқланиб, улар ҳам фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Мусобақа якунида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ижтимоий ва диний ташкилотлар бўйича котибият мудири Ж.Юсупов ҳамда билим юрти мудири Ж.Абдиразаков мусобақа иштирокчиларини ғалабалари билан табриклаб, келгуси ўқишларида муваффақиятлар тилади.
Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги "Кулол-Қўрғон" жоме масжиди имом ноиби Баҳодир домла Муҳаммадиев Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигида ўтказилган халқаро конференция доирасидаги «Буюк хизмат – Олий шараф» илмий-амалий кўрик-танловида ғолиб деб топилди.
Имом-домламизнинг илмий фаолияти, таълим соҳасидаги ташаббуслари ҳамда фидокорона меҳнатлари юқори баҳоланиб, у киши «Буюк хизмат – Олий шараф» халқаро эсдалик ва шараф нишонлари ҳамда махсус гувоҳнома билан тақдирландилар.
Баҳодир домлани ушбу юксак эътироф билан самимий қутлаймиз!
Аллоҳ таоло домламизнинг илмларини бундан-да зиёда қилсин, динимиз ва эл-юртимиз ривожи йўлидаги ижодий ва илмий фаолиятларига барака берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати