Аллоҳ таоло марҳамат қилиб бундай деган: “Биз Қиёмат куни адолат тарозуларини қўямиз. Бас, ҳеч бир жонга зулм қилинмас. Агар (амал) хантал донасича бўлса ҳам, уни келтирамиз. Биз ўзимиз ҳисоб-китоб қилишга кифоядирмиз” (Анбиё сураси, 47-оят).
Бу оятнинг зоҳиридан маълум бўладики, ҳар бир инсоннинг амаллари учун ўзига хос бир тарози бўлади: савоб ишлар бир паллага, гуноҳ ишлар иккинчи паллага қўйилади. У тарози адолат билан ишлайди, унда дунё тарозилари каби уриб қолиш, камайтириб кўрсатиш йўқ.
Оятдаги "хантал донасича бўлса ҳам, уни келтирамиз" дегани — ҳар қандай кичик амал ҳам ҳисобдан четда қолмаслигини англатади.
“Биз ўзимиз ҳисоб-китоб қилишга кифоядирмиз” — яъни Аллоҳнинг ҳисоб-китоби аниқ ва мукаммал бўлади.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аллоҳнинг ҳузурида амаллар ёзиладиган дафтарлар уч турли бўлади. Бир дафтар борки, Аллоҳ унга эътибор бермайди, иккинчи дафтар борки, Аллоҳ ундан ҳеч нарсани қолдирмай ҳисоб қилади, учинчи бир дафтар борки, Аллоҳ уни кечирмайди.
Кечирилмайдиган дафтар — ширк дафтари. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур” (Моида сураси, 72-оят).
Эътибор берилмайдиган дафтар — инсоннинг ўз нафсига нисбатан қилган зулми: яъни Роббиси билан банда ўртасидаги ҳақларда камчилик қилиш — намозни тарк этиш ёки рўзани тутишни қолдириш кабилар. Аллоҳ хоҳласа бундай гуноҳларни кечиради ва афв этади.
Бирор нарсаси қолдирилмайдиган дафтар — инсонларнинг бир-бирига нисбатан зулм қилиши. Аллоҳ у ҳақда албатта қасос олади” (Имом Аҳмад ривояти).
Бу ҳадис одамларнинг амаллари қай тарзда баҳоланишини кўрсатувчи улкан меъёрдир. Демак, одамларнинг амаллари уч тоифада ёзилади:
1. Аллоҳ эътибор бермайдиган дафтар — инсоннинг ўз нафсига зулми, ибодатдаги камчиликлари.
2. Аллоҳ ҳеч нарсани қолдирмайдиган дафтар — инсоннинг бошқаларга қилган зулми.
3. Аллоҳ кечирмайдиган дафтар — ширк ва куфр, яъни Аллоҳнинг шериги бор дейиш.
Бу уч дафтарнинг ичида энг хавфли ва энг даҳшатлиси — ширк ва куфр дафтари, чунки у Аллоҳни таниш, унга иймон келтириш ва уни ягона деб билиш масаласига зиддир. Инсоннинг эътиқоди бутун умри ва амалига таъсир кўрсатади.
Ундан кейинги энг оғир ва хатарли дафтар — одамларнинг бир-бирига зулм қилишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Қасос бўлмай қолмайди” — яъни ҳар бир зулм учун албатта қасос бўлади. Бу эса, Аллоҳнинг ҳузурида зулмнинг қанчалик катта гуноҳ эканини кўрсатади. Аллоҳ зулмни Ўзига ҳам ҳаром қилган ва бандалари ўртасида ҳам ҳаром этган. Шу сабабли, бошқаларнинг ҳақи Қиёмат кунида мутлақо йўқолиб кетмайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Аллоҳ золим қавмни ҳидоят этмас” (Тавба сураси, 19-оят), “У золимларни севмайди” (Шўро сураси, 37-оят), “Золимлар нажот топмаслар” (Юсуф сураси, 23-оят).
Қуръоннинг барча оятларида зулм — энг ёмон разолат ва энг катта гуноҳ сифатида кўрсатилади. Шу сабабли, барча шариатлар зулмни йўқотиш учун, пайғамбарлар адолатни қарор топтириш учун юборилганлар: “Биз Расулларимизни аниқ далиллар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун тарозуни нозил қилдик” (Ҳадид сураси, 25-оят).
Зулм — фақат ижтимоий муаммо ёки одамлар ўртасидаги муносабатларга оид масала эмас. У кенг маънода инсоннинг Роббисига қилган зулми, ўзига қилган зулми ва атрофдаги мавжудотларга қилган зулмини ҳам ўз ичига олади. Инсоннинг Роббисига зулм қилиши — энг оғир маъсиятдир. Бу — куфр ва ширкдир. Шунинг учун ҳазрати Луқмон ўғлига насиҳат қилиб бундай деганлар: “Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма! Албатта ширк — жуда катта зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).
Ширкнинг “катта зулм” деб аталиши сабаби — у барча ҳақлар ичидаги энг асосийси — Аллоҳнинг ҳаққига тааллуқли эканидадир.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Илмга қизиқиш, аввало, манбага мурожаат қилишдан бошланади. Тарихни чуқур англаш эса уни китоб, қўлёзма ва ишончли илмий манбалар орқали ўрганишни талаб этади. Янги ўқув йилини янги билим ва катта мақсадлар билан бошлаган Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 1 босқич талабалари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар, хабар бермоқда iccu.uz.
Талабалар ташрифни, дастлаб Марказнинг кутубхонаси билан танишишдан бошлади.
Бу ерда улар илмий изланиш учун муҳим бўлган адабиётлар, тарихий манбалар ва турли йўналишлардаги илмий нашрлар билан танишди. Кутубхона нафақат китоблар жамланган маскан, балки тадқиқотчи учун зарур бўлган билим ва манбаларни бир жойга жамловчи муҳим илмий-маърифий макон сифатида намоён бўлди.
Айниқса, ислом тарихи, маданияти, илм-фани ва аждодларимизнинг илмий меросини ўрганаётган ёшлар учун бундай муҳитнинг аҳамияти катта. Чунки аудиторияда ўрганилган билимни мустаҳкамлаш, мавзу бўйича қўшимча маълумот излаш ва илмий изланиш олиб боришда манба билан ишлаш кўникмаси муҳим ўрин тутади.
Мазкур ташриф ёшлар учун навбатдаги экскурсия эмас, балки тарих, илм-фан ва миллий ўзлик билан бевосита юзма-юз келиш имконини берган муҳим маърифий учрашув бўлди.
Институтнинг бўлажак исломшунослари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Марказнинг бой экспозициялари орқали Ўзбекистон ҳудудида қадимдан шаклланган цивилизация жараёнлари, ислом маданиятининг ривожланиши, буюк алломаларимизнинг илмий мероси ҳамда аждодларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссаси билан яқиндан танишдилар.
Марказнинг Исломдан аввалги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, илм-фан ва маърифат тараққиётига бағишланган экспозициялари талабалар эътиборини тортди.
Тарихий манбалар, ноёб қўлёзмалар, қадимий ашёлар ва замонавий музей технологиялари уйғунлиги орқали намойиш этилган маълумотлар ёшларнинг ўтмиш ҳақидаги тасаввурларини янада бойитди.
Бу ерда улар Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий каби буюк аждодларимизнинг илмий ва маънавий мероси билан боғлиқ маълумотларни кўздан кечирдилар.
Айниқса, бир вақтлар шу заминларда яратилган илмий кашфиётлар бугунги замонавий фанларнинг шаклланишида қандай аҳамият касб этгани талабалар учун қизиқарли бўлди.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таҳсил олаётган ёшлар учун бундай масканнинг аҳамияти, табиийки, янада катта. Чунки улар ўзлари ўрганаётган диний-илмий мероснинг тарихий илдизларини нафақат китоблардан, балки Марказ экспозицияларида бевосита кўриш имконига эга бўлдилар.
Талабаларнинг фикрича, Марказдаги энг муҳим жиҳатлардан бири — тарихнинг оддий саналар ва воқеалар кетма-кетлиги сифатида эмас, балки илм-фан, тафаккур ва инсоният тараққиёти билан боғлиқ яхлит жараён сифатида намойиш этилганидир.
“Бу ерда аждодларимизнинг илм-фанга қўшган ҳиссасини кўриб, улар билан фахрланиш туйғуси янада кучайди. Айниқса, ислом дини ривожи билан бирга илм-маърифат ҳам юксалиб борганини кўриш биз учун жуда катта таассурот қолдирди”, — дейди институтнинг 1-босқич талабаларидан бири.
Ёшлар Марказнинг кутубхона фаолияти билан ҳам танишдилар. Бу ерда жамланган илмий адабиётлар, тарихий манбалар ва тадқиқотлар бўлажак мутахассисларнинг келгусидаги таълим ва илмий изланишлари учун муҳим манба бўлиши таъкидланди.
Ташриф давомида талабалар учун Марказнинг фақат тарихий меросни намойиш этувчи маскан эмас, балки илмий изланиш, маърифат ва замонавий тафаккур уйғунлашган муҳим платформа эканлиги янада яққол намоён бўлди.
Талабалар Марказ билан танишиш жараёнида ўзлари таҳсил олаётган соҳа — исломшуносликнинг қанчалик катта илмий мерос ва тарихий масъулият билан боғлиқлигини ҳам чуқурроқ ҳис этдилар.
Шу маънода, янги ўқув йилининг дастлабки кунларида ташкил этилган мазкур ташриф талабалар учун янги билимлар сари ташланган муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидаги ушбу маърифий ташриф эса бўлажак исломшунослар учун янги ўқув йилини тарих сабоқлари, илмга қизиқиш ва катта мақсадлар билан бошлашга хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати