Шу йил 17 октябрь куни Ўзбекистон мусуломонлари идораси Кутубхонасида Ҳазрати Усмон Мусҳафи матнини кодикологик тадқиқ қилиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Идоранинг “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими бошлиғи Шайх Алижон қори Файзуллоҳ ва Кутубхона бўлими бошлиғи Камолиддин Маҳкамов бошчилигида бўлим ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда “Мўйи муборак” мадраса-музейида сақаланаётган Ҳазрати Усмон Мусҳафи матнини тадқиқ қилишда эътибор қаратиш керак бўлган жиҳатларга урғу қаратилди. Хусусан, Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Ҳазрати Усмон Мусҳафи хатига оид муҳим қоида, қироатлар ва уларнинг ёзилиш қоидалари ҳамда Мусҳафи шарифни ёзишда омонатдорликка алоҳида эътибор қаратиш алоҳида таъкидлади. Шунингдек, тадқиқотда амалга ошириш лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ҳозирда махсус режа асосида Ҳазрати Усмон Мусҳафи матнини тадқиқ қилиш ишлари олиб борилмоқда. Тадқиқотда қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган:
Маълумот ўрнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонасида Қуръони карим қўлёзма нусхаларининг нодир намуналаридан бири Ҳазрати Усмон Мусҳафи сақланади. Қуръони каримнинг ушбу ноёб ва қадимий қўлёзма нусхаси тадқиқотчилар ва кенг жамоатчиликнинг доимий эътиборида бўлган.
2023 йил 22 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида музейлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича етти йиллик дастур қабул қилиниши эълон қилинди. Ушбу йиғилиш топшириқлари бўйича тузилган 50-сон Баённоманинг 47-бандида Муқаддас китоб – Усмон Қуръони саҳифаларининг консервация ва реставрация қилинишини таъминлаш белгиланган.
Мазкур дастурни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси саъй-ҳаракати билан маҳаллий ва хорижлик мутахассислар, жумладан, Кембриж университетидан Кристине Росе, франциялик реставраторлар Ахелле Делеау ва Cоралие Барбе, Истанбул қўлёзмалар устахонаси ва архив бўлими мудири Нил Байдар иштирокида Ҳазрати Усмон мусҳафини келгусида муҳофаза қилиш бўйича босқичма-босқич таъмирлаш режаси ишлаб чиқилди.
Унга кўра, “Енгил реставрация ишлари”ни амалга оширишда Ҳазрати Усмон Қуръони саҳифаларини сканер қилиш ва матнини кодикологик тадқиқ қилиш бўйича йўналишлар белгилаб олинган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Қумқўрғон туманидаги "Хўжамулки" маҳалласида "Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги" доирасида кенг жамоатчилик ва аҳоли вакиллари иштирокида қизғин ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бу ташаббус маҳалла ҳаётига янгича руҳ бахш этиб, ҳамжиҳатлик ва эзгулик муҳитини янада мустаҳкамламоқда.
Азалий қадриятларимиздан бири бўлган ҳашар анъанаси асосида маҳалла аҳли бир ёқадан бош чиқариб, ўз ҳудудини янада обод, файзли ва кўркам масканга айлантириш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Ҳар бир фуқаронинг қалбида Ватанга муҳаббат, маҳаллага эҳтиром туйғуси жўш уриб, улар бунёдкорлик ишларига фаол ҳисса қўшмоқдалар.
Хусусан, маҳалла ҳудудидаги муқаддас қадамжолардан бири – "Хўжамулки ота" қабристонида кенг кўламли тозалаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳашар иштирокчилари томонидан қабристон ҳудуди бегона ўтлар ва чиқиндилардан пухта тозаланиб, қабр устилари тартибга келтирилмоқда. Шунингдек, зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш борасида зарур ишлар олиб борилиб, аждодлар хотирасига чуқур эҳтиром кўрсатилмоқда.
Бу каби эзгу ташаббуслар маҳаллада ободлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш билан бирга, аждодларимиз хотирасига бўлган ҳурматимизни намоён этади. Айни пайтда, ёш авлодга миллий қадриятларимизни сингдириш, уларни Ватанга муҳаббат ва меҳнатсеварлик руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эгадир. Бугунги ҳашар – келажак авлод учун намуна, эртанги кун учун мустаҳкам пойдевордир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Сурхондарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати