Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Август, 2026   |   11 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:16
Қуёш
05:41
Пешин
12:25
Аср
17:11
Шом
19:13
Хуфтон
20:34
Bismillah
24 Август, 2026, 11 Рабиъул аввал, 1448

Диний идорада Усмон Мусҳафи матни тадқиқ қилинмоқда

24.10.2025   115474   3 min.
Диний идорада Усмон Мусҳафи матни тадқиқ қилинмоқда

Шу йил 17 октябрь куни Ўзбекистон мусуломонлари идораси Кутубхонасида Ҳазрати Усмон Мусҳафи матнини кодикологик тадқиқ қилиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Идоранинг “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими бошлиғи Шайх Алижон қори Файзуллоҳ ва Кутубхона бўлими бошлиғи Камолиддин Маҳкамов бошчилигида бўлим ходимлари иштирок этди.
 

Йиғилишда “Мўйи муборак” мадраса-музейида сақаланаётган Ҳазрати Усмон Мусҳафи матнини тадқиқ қилишда эътибор қаратиш керак бўлган жиҳатларга урғу қаратилди. Хусусан, Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Ҳазрати Усмон Мусҳафи хатига оид муҳим қоида, қироатлар ва уларнинг ёзилиш қоидалари ҳамда Мусҳафи шарифни ёзишда омонатдорликка алоҳида эътибор қаратиш алоҳида таъкидлади. Шунингдек, тадқиқотда амалга ошириш лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.


Ҳозирда махсус режа асосида Ҳазрати Усмон Мусҳафи матнини тадқиқ қилиш ишлари олиб борилмоқда. Тадқиқотда қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган: 
 

  1. Тадқиқот ишига Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхона, “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими ва Тошкент ислом институти “Қуръон илмлари” кафедраси ходимлари жалб этилган.
  2. Ҳазрати Усмон Мусҳафи асл нусхасининг электрон шакли тадқиқотнинг асосий объекти саналади.
  3. Ҳазрати Усмон Мусҳафининг танқидий матни тайёрланмоқда.
  4. Танқидий матн тайёрлашда Туркия ва Англияда сақланаётган Усмон Мусҳафи нусхаларидан ҳам фойдаланилмоқда.
  5. Ҳар бир сатр алоҳида ёзилиб, сатрлар ва оятлар рақамлари қизил рангда ажратилиб кўрсатилмоқда.
  6. Тошкентдаги Усмон Мусҳафининг ўзига хос хусусиятларига урғу берилмоқда.
  7. XIX асрда қоғоз саҳифага кўчирилган матнда учраётган айрим камчиликлар сноскада қайд этилиб, изоҳлаб борилмоқда.
     

Маълумот ўрнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонасида Қуръони карим қўлёзма нусхаларининг нодир намуналаридан бири  Ҳазрати Усмон Мусҳафи сақланади. Қуръони каримнинг ушбу ноёб ва қадимий қўлёзма нусхаси тадқиқотчилар ва кенг жамоатчиликнинг доимий эътиборида бўлган.
 

2023 йил 22 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида музейлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича етти йиллик дастур қабул қилиниши эълон қилинди. Ушбу йиғилиш топшириқлари бўйича тузилган 50-сон Баённоманинг 47-бандида Муқаддас китоб – Усмон Қуръони саҳифаларининг консервация ва реставрация қилинишини таъминлаш белгиланган.


Мазкур дастурни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси саъй-ҳаракати билан маҳаллий ва хорижлик мутахассислар, жумладан, Кембриж университетидан Кристине Росе, франциялик реставраторлар Ахелле Делеау ва Cоралие Барбе, Истанбул қўлёзмалар устахонаси ва архив бўлими мудири Нил Байдар иштирокида Ҳазрати Усмон мусҳафини келгусида муҳофаза қилиш бўйича босқичма-босқич таъмирлаш режаси ишлаб чиқилди.


Унга кўра, “Енгил реставрация ишлари”ни амалга оширишда Ҳазрати Усмон Қуръони саҳифаларини сканер қилиш ва матнини кодикологик тадқиқ қилиш бўйича йўналишлар белгилаб олинган эди. 
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Диний идорада Усмон Мусҳафи матни тадқиқ қилинмоқда Диний идорада Усмон Мусҳафи матни тадқиқ қилинмоқда Диний идорада Усмон Мусҳафи матни тадқиқ қилинмоқда Диний идорада Усмон Мусҳафи матни тадқиқ қилинмоқда Диний идорада Усмон Мусҳафи матни тадқиқ қилинмоқда
Бошқа мақолалар

Икки улуғ неъмат

14.08.2026   37009   3 min.
Икки улуғ неъмат

#Мустақилликнинг 35 йиллиги

 

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.

Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.

Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).

Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.

Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.

Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.

Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).

Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.

Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.

Исомиддин АҲРОРОВ