Бугун, 24 октябрь куни Республика маънавият марказида “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришда давлат ва жамоат ташкилотларининг роли” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев, мутасадди вакиллар, ОАВ ходимлари иштирок этди.
Давра суҳбатини Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов олиб борди.
Маърифий тадбирда Муфтий ҳазратлари ўз нутқлари давомида мавзу бугун долзарб эканини таъкидлаб, масжидларда имом домлалар тўйлар, оилавий тантаналар ва маросимларни ўтказишда тежамкорлик тамойилларига амал қилиш, исрофгарчиликнинг олдини олиш масалалари бўйича доимий илмий суҳбат ва тушунтириш олиб бораётгани, шунингдек, ҳожилар билан бирга “Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” шиори остида амалий тарғибот тадбирлари ўтказилаётганини алоҳида қайд этдилар.
Йиғилиш сўнгида умумий овқатланиш корхоналарида ҳосил бўладиган озиқ-овқат чиқиндиларидан самарали фойдаланиш ва уларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш ҳамда ортиқча исрофгарчиликларнинг олдини олиш бўйича 2025 йил октябрь-декабрь ойларида амалга ошириладиган ишлар тўғрисидаги қўшма чора-тадбирлар дастури имзоланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Тошкент ислом институти магистратура босқичи ҳамда Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган талабгорлар учун жорий йилнинг 11 август куни ижодий имтиҳонлар ўтказилади.
Талабгорлар танлаган йўналишлари бўйича қуйидаги фанлардан имтиҳон топширадилар:
Теология (Тафсир ва Қуръон илмлари): Қуръони карим ва тажвид, Тафсир;
Теология (Ҳанафийлик ва фиқҳ илмлари): Фиқҳ, Усулул-фиқҳ;
Ҳадис илми мактаби: Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис.
Имтиҳонлар 11 август куни соат 8:00 да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида бошланади. Талабгорларни рўйхатга олиш жараёни соат 7:30 дан старт олади.
Муҳим эслатма: Абитуриентлар имтиҳонга паспорт (ёки ID-карта) асли ҳамда «Имтиҳон рухсатномаси» билан келишлари шарт. Ушбу ҳужжатлардан бири бўлмаган талабгорлар имтиҳонга киритилмайди.
Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўчаси, 47-уй.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати