Ислом инсонларни мўътадиллик ва ўрта йўлга даъват этадиган диндир. Унда ҳаддан ошишга ҳам, беэътиборликка ҳам ўрин йўқ. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръонда: “Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳга нисбатан ҳақдан бошқани айтманг” (Нисо сураси, 171-оят)
Бу оят орқали мусулмонларга улкан сабоқ берилган. Динда ҳаддан ошиб, чуқурлашиш ёки ғулув кетиш хатарли иллатдир.
“Ғулув” чуқурлашиш, ҳаддан ошиш маъноларини англатади. Динда ғулув инсоннинг шариатда белгиланган чегарадан чиқиб, бир масалага ҳаддан ортиқ даражада берилиб чуқур кетишини билдиради.
Бундай ҳолат кўпинча яхши ният билан бошланади. Динга кўпроқ амал қилиш, тақводор бўлиш ниятида ўзи билмаган ҳолда чегарадан чиқиш юз беради. Лекин вақт ўтиши билан ният бидъат ва залолатгача олиб бориши мумкин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ғулувдан қатъий қайтарганлар. Бир ҳадисда шундай дейилади:
“Эй Одамлар, динда ғулувга кетишдан сақланинглар! Сизлардан олдингиларни динда ғулувга кетиш ҳалок қилди” (Ибн Можа, Насоий ва Аҳмад ривояти).
Бошқа ҳадисда эса: “Насоролар Исони мақтаганидек, мени мақтаманглар. Мен ҳақимда фақат: “У Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир,” деб айтинглар” (Бухорий ривояти).
Бу ҳадислар шунга далилки, Расулуллоҳ алайҳиссалом муҳаббатда ҳам мўътадил бўлишни буюрганлар.
Ғулувнинг кўринишлари:
Ислом дини мўътадилликдир. Аллоҳ таоло уммати Муҳаммадни шундай васфлаган:
“Ана шундай қилиб, одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Расул устингиздан гувоҳ бўлиши учун сизларни ўрта уммат қилдик” (Бақара сураси, 143-оят).
Оятда мусулмонлар ҳар бир ишда, хусусан, динда ҳам ўрта йўлни танлашига чақирилмоқда. Бу йўл – суннат йўлидир.
Ғулув – яхши ният билан бошланса ҳам, ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Шундай экан исломнинг йўли ибодат ва илмда мўътадилликдир.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо
жоме масжиди имом-хатиби
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Макка шаҳридаги ҳамюртларимиз истиқомат қилаётган меҳмонхонада зиёратчиларга гўзал ва манфаатли маъруза қилдилар.
Самимий ва файзли руҳда ўтган мулоқот давомида Муфтий ҳазратлари Ер юзидаги энг муқаддас шаҳар — Маккаи мукаррама ва инсоният қалбининг қибласи бўлган Каъбаи муаззаманинг фазилатлари ҳақида сўзлаб бердилар.
Маърузада Макка шаҳри Ҳақ таоло томонидан танлаб олингани, Каъбаи муаззама эса «Байтуллоҳ», яъни Аллоҳнинг уйи, дея шарафлангани оят ва ҳадислар билан тушунтириб берилди.
Муфтий ҳазратлари дунёда миллионлаб мўмин-мусулмонлар фақат бир бинога — Каъбага қараб намоз ўқишининг асл моҳиятига тўхталдилар. Дарҳақиқат, жазирамада, кимсасиз саҳрода Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоил алайҳиссалом билан оғир тошларни кўтариб, Каъбани қурганлар. Аммо улар бу улуғ ишни тугатиб, Аллоҳнинг амрини адо этдик, дея кибрланмасдан, аксинча: «Эй Роббимиз! Биздан қабул қилгин...» дея йиғлаб дуо қилганларини таъсирли шаклда сўзлаб берилди.
Манфаатли суҳбат давомида бўлғуси ҳожиларга Иброҳим алайҳиссалом каби амалларининг қабул бўлишини сўраб дуолар қилишлари, ҳожи бўлиш бирор мартаба эмаслиги, балки ҳаж гуноҳлардан покланиш ва ажру мукофотларга эришиш фурсати эканини эслатиб ўтилди.
Учрашув якунида Аллоҳ таолодан юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, ёшларимиз илм-маърифатли ва Давлатимиз Раҳбарининг хайрли ислоҳотлари бардавом бўлиши учун дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати