Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

“Динингизда ҳаддан ошманг”

27.10.2025   6665   2 min.
“Динингизда ҳаддан ошманг”

Ислом инсонларни мўътадиллик ва ўрта йўлга даъват этадиган диндир. Унда ҳаддан ошишга ҳам, беэътиборликка ҳам ўрин йўқ. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръонда: “Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳга нисбатан ҳақдан бошқани айтманг” (Нисо сураси, 171-оят)

Бу оят орқали мусулмонларга улкан сабоқ берилган. Динда ҳаддан ошиб, чуқурлашиш ёки ғулув кетиш хатарли иллатдир.

“Ғулув” чуқурлашиш, ҳаддан ошиш маъноларини англатади. Динда ғулув инсоннинг шариатда белгиланган чегарадан чиқиб, бир масалага ҳаддан ортиқ даражада берилиб чуқур кетишини билдиради.

Бундай ҳолат кўпинча яхши ният билан бошланади. Динга кўпроқ амал қилиш, тақводор бўлиш ниятида ўзи билмаган ҳолда чегарадан чиқиш юз беради. Лекин вақт ўтиши билан ният бидъат ва залолатгача олиб бориши мумкин.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ғулувдан қатъий қайтарганлар. Бир ҳадисда шундай дейилади:

“Эй Одамлар, динда ғулувга кетишдан сақланинглар! Сизлардан олдингиларни динда ғулувга кетиш ҳалок қилди” (Ибн Можа, Насоий ва Аҳмад ривояти).

Бошқа ҳадисда эса: “Насоролар Исони мақтаганидек, мени мақтаманглар. Мен ҳақимда фақат: “У Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир,” деб айтинглар” (Бухорий ривояти).

Бу ҳадислар шунга далилки, Расулуллоҳ алайҳиссалом муҳаббатда ҳам мўътадил бўлишни буюрганлар.

Ғулувнинг кўринишлари:

  1. Шахсларга нисбатан ҳаддан ошиш – баъзи инсонларни ҳаддан ортиқ мақтаб, уларни хато қилмайдиган даражага олиб чиқадилар. Инсонга таъриф берганда, мен бу инсонни мана шундай, деб ҳисоблайман дейиш, ўрта йўлдир.
  2. Ибодатда чуқур кетиш – жисмга ёмон таъсир қилса ҳам тун бўйи ухламай ибодат қилишни тақводорлик деб ҳисоблаш. Расулуллоҳ алайҳиссалом бу ҳолатни маъқулламаганлар.
  3. Бошқаларни кофирга чиқариш – ўз фикрига қўшилмаган мусулмонни “диндан чиққан” деб айтиш ҳам ғулувнинг энг хавфли кўринишидир.

Ислом дини мўътадилликдир. Аллоҳ таоло уммати Муҳаммадни шундай васфлаган:

“Ана шундай қилиб, одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Расул устингиздан гувоҳ бўлиши учун сизларни ўрта уммат қилдик” (Бақара сураси, 143-оят).

Оятда мусулмонлар ҳар бир ишда, хусусан, динда ҳам ўрта йўлни танлашига чақирилмоқда. Бу йўл – суннат йўлидир.

Ғулув – яхши ният билан бошланса ҳам, ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Шундай экан исломнинг йўли ибодат ва илмда мўътадилликдир.

Шермуҳаммад Болтаев,

Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо

жоме масжиди имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Жиззахда 35 нафар боланинг хатна тўйи ўтказилди

14.08.2026   6695   1 min.
Жиззахда 35 нафар боланинг хатна тўйи ўтказилди

Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига меҳр-эътибор кўрсатиш мақсадида уларнинг хатна тўйи ўтказилди.

“Вақф” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакиллиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган хайрия тадбирида 2 ёшдан 11 ёшгача бўлган 35 нафар болажонларга хурсандчилик улашилди.

Болаларга байрам муносабати билан велосипед, костюм-шим, кўйлак, оёқ кийимлари ҳамда яна бошқа турли хил совға-саломлар тақдим этилди.

Болаларнинг яқинлари ва жамоатчилик вакиллари учун байрам дастурхони ёзилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти матбуот хизмати

Янгиликлар