Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ذَاتَ يَوْمٍ لِأَصْحَابِهِ: قُولُوا سُبْحَانَ اللهِ وَبِحَمْدِهِ مِائَةَ مَرَّةٍ مَنْ قَالَهَا مَرَّةً كُتِبَتْ لَهُ عَشْرًا، وَمَنْ قَالَهَا عَشْرًا كُتِبَتْ لَهُ مِائَةً، وَمَنْ قَالَهَا مِائَةً كُتِبَتْ لَهُ أَلْفًا، وَمَنْ زَادَ زَادَهُ اللهُ، وَمَنِ اسْتَغْفَرَ غَفَرَ اللهُ لَهُ. رَوَى هَذِهِ الثَّلَاثَةَ التِّرْمِذِيُّ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаларига:
«Юз марта «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» денглар. Ким уни бир марта айтса, унга ўн савоб ёзилади. Ким уни ўн марта айтса, унга юз савоб ёзилади. Ким уни юз марта айтса, унга минг савоб ёзилади. Ким зиёда қилса, Аллоҳ ҳам зиёда қилади. Ким истиғфор айтса, Аллоҳ уни мағфират қилади», дедилар» (Учовини Термизий ривоят қилган).
Бу ерда зикрнинг савоби айтилган ададидан ўн баробар кўп бўлиши таъкидланмоқда.
Биз бандалардан зикр қилиш бўлиб турса, савобини кўпайтириб бериш Аллоҳ таолонинг Ўзидандир. У Зотнинг хазинаси беҳисобдир, бандага ҳар қанча ато этилса ҳам, заррача камаймайди.
Биз бандалар истиғфор айтишни ўрнига қўйсак бўлди, мағфират қилиш Аллоҳ таолонинг Ўзидандир. У Зот Ғафуру Роҳийм Зотдир.
Бу ҳадиси шарифдан қанча кўп зикр қилинса, шунча кўп савоб олинишини билиб олдик. Олганда ҳам, айтилган ададнинг ўн баробари миқдорида савоб олинади.
Ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, кунига камида юз марта «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи»ни зикр қилиб туришимиз лозим.
Шунингдек, «Астағфируллоҳ»ни ҳам камида юз марта айтиб туришимиз керак. Бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари кунига юз марта истиғфор айтишлари айтилган.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи
Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги "Кулол-Қўрғон" жоме масжиди имом ноиби Баҳодир домла Муҳаммадиев Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигида ўтказилган халқаро конференция доирасидаги «Буюк хизмат – Олий шараф» илмий-амалий кўрик-танловида ғолиб деб топилди.
Имом-домламизнинг илмий фаолияти, таълим соҳасидаги ташаббуслари ҳамда фидокорона меҳнатлари юқори баҳоланиб, у киши «Буюк хизмат – Олий шараф» халқаро эсдалик ва шараф нишонлари ҳамда махсус гувоҳнома билан тақдирландилар.
Баҳодир домлани ушбу юксак эътироф билан самимий қутлаймиз!
Аллоҳ таоло домламизнинг илмларини бундан-да зиёда қилсин, динимиз ва эл-юртимиз ривожи йўлидаги ижодий ва илмий фаолиятларига барака берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати