Ҳар куни дунё бўйлаб миллионлаб мусулмонлар Каъбага назар ташлар экан, ёпинчиғини безаб турган олтин ҳарфли ёзувлар ортида бир инсоннинг амалий мероси мужассам эканлигини билавермайди.
У киши – Каъба ёпинчиғини безашга умрини бағишлаган машҳур хаттот Абдураҳим Амин Бухорийдир.

Унинг номи, гарчи Саудиядан ташқарида унчалик машҳур бўлмаса-да, Каъбани ёпиб турган матода абадий яшаб келмоқда.

Ота-бобоси асли наманганлик бўлган Абдураҳим Амин Бухорий 1917 йилда Маккада дунёга келган. Болалигиданоқ хаттотликка қизиқиб, ёш бўлишига қарамай юксак маҳорати билан танилди. Подшоҳ Абдулазиз томонидан 1927 йилда ташкил этилган Кисва фабрикасида 15 ёшида иш бошлади ва шу ерда хаттотлик санъатининг нозик жиҳатларини ўрганди. 1930-йилларда бош техник, кейинчалик, 1960-йилларда фабрика раҳбарининг ўринбосари лавозимида меҳнат қилди.

Ҳар йили янгиланадиган кисва қора ипак матодан тайёрланиб, унга Аллоҳнинг каломи олтин ва кумуш иплар билан ёзилади. Абдураҳим Амин Бухорий мана шу шарафли вазифани ўнлаб йиллар давомида бажарди. Унинг “сулус” услубидаги хати Каъбанинг олтин ёзувли камари – “ҳизам” учун асосий намунага айланди. Бугун ҳам у ёзган намуна асосида Кисва тикилади. 658 квадрат метрлик кисва 670 кг ипакдан тайёрланган бўлиб, махсус дастгоҳлар ёрдамида бир-бирига тикилган 47 қисмдан иборат.

1944 йилда подшоҳ Абдулазиз Каъба учун янги эшик ясашни буюрди. Эшикдаги ёзувларни битиш ҳам айнан Абдураҳим Аминга насиб этди ва 1947 йилда Каъбага ўрнатилган янги эшик Ислом санъатининг юксак намунасига айланди. Кейинроқ, 1979 йилда ўрнатилган ҳозирги эшикда ҳам унинг хаттотлик ишлари акс этган.
Абдураҳим Амин Бухорий машҳурликдан йироқ, камтар ва фидокор инсон эди. Саудия Арабистони Қироллик байроғи учун ёзув намунасини ҳам, Мадинадаги Равза пардаси ва кўплаб масжид безакларини ҳам Абдураҳим Амин ишлаган.

Қирол Файсал унинг хизматларини эътироф этиб, Абдураҳим Амин Бухорий исмини Кисвага ёздирди ва бу шарафли инъом ҳануз сақланиб турибди.
Абдураҳим Амин Бухорий 1990-йиллар охирида вафот этган бўлса-да, унинг санъати ҳар йили Каъбага янги Кисва осилиши билан яна қайта аксланади. Унинг қаламидан чиққан ҳар бир ёзув гўзалликка хизмат қилади. Бугун ҳар бир зиёратчи Каъбага қараганда, айнан Бухорий ёзган ёзувларга назар ташлайди – бу эса унинг Аллоҳ каломини гўзал шаклда битишга бағишлаган умрининг далилидир.
Т.Азимов тайёрлади
Туркиянинг “CNN-Türk” телеканалида эфирга узатилган “Тафаккур доираси” дастурида сўзга чиққан таниқли олим, Миллий мудофаа университети ректори, профессор Эрҳан Афёнжу Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида фикр юритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Кўрсатувда қатнашган турк тарихчиси Эрҳан Афёнжу Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг энг гўзал шаҳарлари жойлашган алоҳида географик ҳудуд сифатида таърифлаган.
Олимнинг фикрича, жуда кўпчилик сайёҳлар Ўзбекистонни ўз кўзи билан кўришни истайди. Чунки дунёга машҳур Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент каби шаҳарлар ана шу заминда жойлашган.
Турк тарихчиси ёшларга мурожаат қилиб, хорижга саёҳат қилишни, аввало, Туркий дунё мамлакатларини кашф этиш, аждодлар юрти билан яқиндан танишишдан бошлаш лозим эканини таъкидлади.
“Ёшларга тавсиям шуки, ҳозир хорижга саёҳат қилмоқчи бўлсангиз, аввало Туркий заминни айланинг. Масалан, Ўзбекистонга бориб, тарихий шаҳарларни кўриб келинг, аждодларингиз юрти билан танишинг. Сўнг Салжуқийлар давлати барпо этилган заминларни кўринг”, – деди профессор.
Эрҳан Афёнжунинг таъкидлашича, бундай саёҳатлар ёшлар учун ҳар томонлама фойдали ва қизиқарли бўлиб, уларнинг тарихий хотираси ва дунёқарашини бойитади.
“Масалан, Самарқанднинг гўзаллигини дунёнинг кўп жойларида топа олмайсиз. Айниқса, турк ёшлари ўз аждодлари яшаган заминни бориб кўришлари лозим”, – деди олим.
Профессор Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг асосий бешикларидан бири, илм-фан маркази сифатида ҳам алоҳида эътироф этган.
Шунингдек, турк тарихчиси Ўзбекистоннинг нафақат тарихий ва маданий, балки географик жиҳатдан ҳам яшаш учун қулай ҳудуд эканини таъкидлаган.
Дастур давомида профессор билдирган фикр-мулоҳазалар Туркия жамоатчилиги орасида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, бой маданий мероси ва туризм салоҳиятига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати