Ҳатим ёки бошқача номи Ҳижри Исмоил, Макка шаҳридаги Масжиди Ҳарамда жойлашган ярим ой шаклидаги ҳудуд бўлиб, Қаъбанинг бир қисми ҳисобланади.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг йигитлик даврида Каъба қайта қурилганда, маблағ етмай қолади ва Каъба пойдевори аввалги ҳолатида кичик қилиб тикланади. Ҳозирда ўша қурилмай қолган жой, одам бўйи қадар ярим доира шаклида девор билан ўраб қўйилган.
Ҳатим ҳам Каъба таркибига киради, у ерда ўқилган намоз Каъба ичида ибодат қилгандек бир хил. Шунинг учун ҳам зиёратчилар Ҳатимда намоз ўқишга интиладилар.
Ҳатим ҳудудига кириш эркаклар ва аёллар учун алоҳида вақтларда ташкил этилган бўлиб, зиёратчиларнинг тартибли ва хотиржам ибодат қилиши таъминланган.
Эркаклар учун намоз вақтлари, тунда: 22:00 дан 02:00 гача.
Эркаклар Ҳатимда кечки пайт соат 22:00 дан 02:00 гача намоз ўқишлари мумкин. Бу вақтларда гавжумлик нисбатан кам бўлади.
Аёллар учун намоз вақтлари, кундузи: 07:30 дан 11:00 гача.
Аёлларга Ҳатимда намоз ўқиш учун махсус вақт, соат 07:30 дан 11:00 гача.
Зиёратчилар Ҳатим ҳудудига ғарбий томондаги эшикдан кирадилар. Ҳатимда 10 дақиқа бўлиш тавсия этилади.
Ҳатим Иброҳим ва Исмоил алайҳумуссалом томонидан қурилган илк Каъба биносидан бир қисми сифатида қадрланади. У ерда намоз ўқиш савобли амал ҳисобланади ва кўплаб ҳожилар ҳамда умра зиёратчилари Ҳатимга кириб ибодат қилишга интиладилар.
Баъзи пайтларда тозалаш ёки техник сабабларга кўра вақтларда кичик ўзгариш бўлиши мумкин. Зиёратга бораётганлар Ҳатимга кириш вақтлари ҳақидаги сўнгги маълумотларни олдиндан текшириб олишлари тавсия этилади.
Т.Азимов
тайёрлади
Қумқўрғон туманидаги "Хўжамулки" маҳалласида "Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги" доирасида кенг жамоатчилик ва аҳоли вакиллари иштирокида қизғин ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бу ташаббус маҳалла ҳаётига янгича руҳ бахш этиб, ҳамжиҳатлик ва эзгулик муҳитини янада мустаҳкамламоқда.
Азалий қадриятларимиздан бири бўлган ҳашар анъанаси асосида маҳалла аҳли бир ёқадан бош чиқариб, ўз ҳудудини янада обод, файзли ва кўркам масканга айлантириш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Ҳар бир фуқаронинг қалбида Ватанга муҳаббат, маҳаллага эҳтиром туйғуси жўш уриб, улар бунёдкорлик ишларига фаол ҳисса қўшмоқдалар.
Хусусан, маҳалла ҳудудидаги муқаддас қадамжолардан бири – "Хўжамулки ота" қабристонида кенг кўламли тозалаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳашар иштирокчилари томонидан қабристон ҳудуди бегона ўтлар ва чиқиндилардан пухта тозаланиб, қабр устилари тартибга келтирилмоқда. Шунингдек, зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш борасида зарур ишлар олиб борилиб, аждодлар хотирасига чуқур эҳтиром кўрсатилмоқда.
Бу каби эзгу ташаббуслар маҳаллада ободлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш билан бирга, аждодларимиз хотирасига бўлган ҳурматимизни намоён этади. Айни пайтда, ёш авлодга миллий қадриятларимизни сингдириш, уларни Ватанга муҳаббат ва меҳнатсеварлик руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эгадир. Бугунги ҳашар – келажак авлод учун намуна, эртанги кун учун мустаҳкам пойдевордир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Сурхондарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати