Умра кириш визалари энди берилган санадан бошлаб уч ой эмас, бир ой амал қилади.
Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги Умра визаларининг амал қилиш муддатини уч ойдан бир ойга қисқартирди. Бироқ, мамлакатга киргач, ташриф буюрувчи уч ойгача Қиролликда қолиши мумкин.
Янги қоидалар ноябрь ойи бошидан кучга кирди. Бу ўзгариш жорий йилда умра визасини олиш сони рекорд даражага чиққани билан боғлиқ бўлиб, ҳозиргача тўрт миллиондан ортиқ хорижий зиёратчига виза берилган.
Янги тизимга кўра, зиёратчи виза берилганидан сўнг 30 кун ичида Саудия Арабистонига кирмаса, унинг визаси автоматик равишда бекор қилинади.
Шу билан бирга, мамлакатга киргандан кейинги уч ойлик яшаш муддати сақланиб қолади.
Умра ва зиёрат бўйича Миллий қўмита маслаҳатчиси Ахмад Бажаейфернинг таъкидлашича, ўзгаришлар ёз мавсуми тугагач Макка ҳамда Мадинада ҳаво салқинлашидан сўнг зиёратчилар сонининг кескин кўпайишига тайёргарлик сифатида киритилган.
Жорий йилнинг июн ойида бошланган Умра мавсуми тарихдаги энг юқори кўрсаткич қайд этилди, беш ой ичида тўрт миллиондан ортиқ хорижий зиёратчи Саудияга келган. Бу эса аввалги мавсумлар натижаларидан ҳам юқори бўлиб, Умра зиёратига бўлган жаҳон миқёсидаги талабнинг ортиб бораётганини кўрсатади.
Т.Азимов тайёрлади
Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига меҳр-эътибор кўрсатиш мақсадида уларнинг хатна тўйи ўтказилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакиллиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган хайрия тадбирида 2 ёшдан 11 ёшгача бўлган 35 нафар болажонларга хурсандчилик улашилди.
Болаларга байрам муносабати билан велосипед, костюм-шим, кўйлак, оёқ кийимлари ҳамда яна бошқа турли хил совға-саломлар тақдим этилди.
Болаларнинг яқинлари ва жамоатчилик вакиллари учун байрам дастурхони ёзилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти матбуот хизмати