Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Биз, мусулмонлар суюмли Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳаддан ортиқ яхши кўрамиз. У зотни ҳаммадан ҳам кўпроқ севишга буюрилганмиз. Бу Аллоҳ таолонинг мўминларга амри! Чунки у зот бутун оламларга раҳмат ўлароқ юборилганлар. Аллоҳ таоло айтади: “Биз сизни оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик” (Анбиё, 107).
Мўминлар Фахри коинотни соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто ўзларию яқинларидан ҳам яхши кўришади.
Чунки Қуръони карим шунга буюради: “Пайғамбар мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир. Унинг аёллари эса уларнинг оналаридир” (Аҳзоб, 6). Бу зотни яна шунинг учун яхши кўрамизки, Сарвари оламда инсонлар учун гўзал намуна бордир.
Аллоҳ таоло бундай дейди: “Сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умдворлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди” (Аҳзоб, 21).
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни яна ниҳоятда чиройли хулқ соҳиби бўлганлари учун севамиз. Бунинг хабари ҳам Қурҳонда келган: “Албатта сиз чиройли хулқ узрасиз” (Қалам, 4).
Пайғамбар алайҳиссаломни ҳаммадан ортиқ кўришимизнинг яна бир боиси бор. У зот бутун инсониятга пайғамбар ўлароқ юборилган энг охирги элчидирлар. У зот бутун пайғамбарликлари даврида уммат қайғуси билан яшадилар, умматни ҳақ йўлга бошладилар. Ҳатто жонлари чиқаётганда ҳам умматларини ўйладилар.
Ривоят қилинадики, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлим онларида Жаброил алайҳиссаломдан: “Мендан сўнг умматимнингг аҳволи нима бўлади?” деб сўрадилар. Шунда Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга ваҳий этди: Ҳабибимга хушхабар бер, уммати ичида уни уялтирмайман. Ҳашр кунида у қабрдан энг олдин чиқадиганлардан бўлади ва Маҳшаргоҳда тўпланганларнинг саййиди қилинади. То унинг уммати кирмагунича бошқа умматларга жаннатга кириш ҳаромдир”.
“Ана энди кўзим қувончга тўлди” дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам” (Имом Табароний ривояти).
Шунинг учун Аллоҳ элчисини севиш комил иймон рамзига айланди. Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банда наздида мен унинг аҳлидан, молидан, одамларнинг барчасидан афзал бўлмагунимча у комил мўмин бўла олмайди», деганлар (Имом Муслим ривояти).
Зуҳра ибн Маъбуднинг (розияллоҳу анҳу) боболаридан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирга эдик. У зот Умар ибн Хаттобнинг қўлларидан тутиб турардилар. Умар: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, сиз менга ўзимдан бошқа ҳаммадан севимлисиз», деди. Шунда Расули акрам: «Сизларнинг бирортангизга ўзидан ҳам севимли бўлмагунимча у мўмин бўлолмайди», дедилар. Ҳазрати Умар: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, энди сиз менга ўзимдан ҳам севимлисиз», деди. Расулуллоҳ: «Ана энди тўғри бўлди, эй Умар», дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).
Яна Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Уч хислат кимда бўлса, улар сабабли иймон ҳаловатини топади: кимга Аллоҳ ва Унинг Расули бошқалардан кўра суюкли бўлса, ким бир бандани фақат Аллоҳ учун яхши кўрса ва ким Аллоҳ уни куфрдан қутқариб олганидан кейин яна ўша куфрга қайтишни худди дўзахга ташланишни ёмон кўрганидек ёмон кўрса», деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
У зотдан кейин Набийнинг қабрларини зиёрат қилиш суннатга айланди. Шунинг учун дунёнинг турли бурчакларидан ҳаж ва умра ниятида Пайғамбар шаҳри Мадинаи мунавварага келишганда у зотга салом ва саловотларини етказишади. Хотибдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мени вафотимдан кейин зиёрат қилса, гўё ҳаётлигимда мени зиёрат қилган кабидир. Ким икки Ҳарамнинг бирида вафот этса, қиёмат куни омонда бўлганлар қаторида тирилади», деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
Аллоҳнинг Элчисини қандай ва қанчалик севишни бизга содиқ саҳобалар, солиҳ салафлар кўрсатиб, ўргатиб кетишган. Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Собит ибн Қайс ибн Шаммос баланд овозли киши эди.
«Эй иймон келтирганлар, овозингизни Пайғамбар овозидан баландлатманг…» (Ҳужурот, 2) ояти тушганида у киши: «Овозини Пайғамбарга кўтарган одам менман, дўзах аҳлидан бўлган ҳам менман, қилган амалим ҳабата (бекор) бўлди», деб аҳли аёли ичида хафа-маҳзун бўлиб ўтириб қолди.
Иттифоқо, шу пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ахтариб қолдилар. Одамлар унинг олдига бориб: «Сени Пайғамбар алайҳиссалом қидиряптилар, сенга нима бўлди?» дейишди.
Шунда у киши: «Овозини Пайғамбар овозидан кўтарган менман, у кишига дағал сўз айтган ҳам менман, амалим ҳабата бўлди, мен дўзах аҳлиданман», деди. Одамлар Пайғамбар алайҳиссаломга бу хабарни етказишди. Шунда у зоти бобаракот: «Йўқ, у жаннат аҳлидандир», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Машҳур саҳобалардан Вайсул Қараний (розийаллоҳу анҳу) Уҳуд жангида Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам битта тишлари сингани хабари келганида у зотнинг қайси тишлари синганини билолмагани учун барини ўзидан бирданига бегона қилди. Барча тишларини олдириб ташлаб, Пайғамбарга яқин бўлиш завқидан шодланди.
Бани Динор қабиласидан бир аёлнинг Уҳуд жангида эри, укаси ва отаси шаҳид бўлди. Учта яқин кишисининг вафот этганини эшитган аёл: “Менга Расулуллоҳни кўрсатинг, у кишини бир кўрай” деди. Пайғамбарни кўрганидан кейин: “Эй Аллоҳнинг элчиси, сиз соғ-саломат экансиз, менга қолган фалокатлар арзимасдир”, деди.
Ишқ базмлари султони Волида Султон “Муҳаббатдан Муҳаммад бўлди ҳосил, Муҳаммадсиз муҳаббатдан не ҳосил”, дея руҳ озиғининг фақат Пайғамбарга (алайҳиссалом) нисбатан бўлган муҳаббат эканини гўзал бир тарзда ифодалаган эди.
Имом Молик (раҳимаҳуллоҳ) дунё ишларининг ҳаммасида охирзамон
Пайғамбарига (алайҳиссалом) тақлид қилиш ишқида яшаб ўтган эди. Бу
мазҳаббоши олим Набий алайҳиссаломнинг муборак қадамлари теккан Мадинаи мунавварада бирор марта ҳам отда ёки туяда юрмади.
Равзада имомлик қилганида доимо паст овозда гапирар эди. Ҳатто ўша пайтдаги халифа Абу Жаъфар Мансурдан ҳам Пайғамбар шаҳрида овозини баланд қилмасликни талаб этган эди.
“Пайғамбар ёшидан кейин менга бу тупроқ устида юриш ҳаромдир” деган буюк ишқ қаҳрамони Хожа Аҳмад Яссавий олтмиш учдан кейин Набий алайҳиссалом билан бир хил ҳаёт тарзини танлади ва шу йўлда абадийлашди. У яшаган тупроқлар Фахри коинотга муҳаббат рамзи ўлароқ “Ҳазрати Туркистон” дея улуғланди.
Туркий ҳукмдорлардан султон Маҳмуд Ғазнавий дини комиллиги, Пайғамбар алайҳиссалом суннатларига уйғун яшагани, адолатпешалиги билан машҳур эди.
Унинг бир вазири бўлиб, вазирнинг Муҳаммад исмли ўғли султонга котиблик қиларди. Бир куни Маҳмуд Ғазнавий котибини исми билан эмас, “Эй вазирнинг ўғли!” деб чақирди. Бу ҳолдан котиб сергакланди. Бирор янглиш иш қилиб, подшоҳни ранжитиб қўйдимми, деб ўйлади. Бўлган воқеани отасига айтиб, маслаҳат сўради. Вазир ҳам минг андишада жавоб излаб ҳукмдорга мурожаат қилди.
Шунда Маҳмуд Ғазнавий: “Ташвишланманг, эй вазир, ҳамиша ўғлингизнинг исмини айтиб чақирганимда таҳоратли бўлардим. Бу сафар таҳоратим йўқ эди. Шунинг учун таҳоратсиз ҳолда уни Муҳаммад, деб чақиришдан, Пайғамбаримиз муборак исмларини тилга олишдан қўрқдим”, деб жавоб қилди. Улуғларимиз, салафларимиз Сарвари оламни шунчалик қаттиқ севишган, ҳар ишда у зотга эргашишган. Аллоҳ Элчисига бизларнинг муҳаббатимиз нимада аён бўлади?
У зотнинг номлари зикр этилганида у зотга, аҳли байтлари ва содиқ саҳобаларига саловоту саломлар йўллашимиз, бутун Ислом тарихини ўзида мужассам қилган сийратларини кенг ўрганишимиз, суннатларига иложи борича пухта амал қилишимиз, у зотнинг умматларига хос ҳаёт тарзи ва ахлоқ қоидаларига мос ҳаёт кечиришимиз, хулласи Муҳаммад (алайҳиссалом) уммати деган шарафли номга муносиб иш тутишимиз керак. Шунда Фахри коинотни чинакамига севган бўламиз.
Одилхон ЮНУСХОН ўғли
Даъво: Мусулмонлар халифасиз уч кундан ортиқ яшаши ҳаром. Барча мусулмонларга халифа сайлаш фарз.
Раддия: Аввало шуни яхши билиш лозимки, Исломда халифалик даври аллақачон ўтиб кетган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларидаёқ халифалик даврини аниқ рақамлар билан қанча давр давом этишини олдиндан айтганлар: “Халифалик ўттиз йилдир! Ундан кейин подшолик бўлади”.
Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўз тўпламларида келтириб ўтишган. Ҳадис Пайғамбаримизнинг рисолат мўъжизаларидан бири бўлиб, унда айтилган хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ўттиз йил давомида ўз тасдиғини топди.
Маълумки, Ислом уммати учун тўрт рошид халифа бор. Улар: Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳум. Шу тўрт халифанинг мусулмонлар устида раҳбарлик даври ўттиз йилга тўғри келган. Буларнинг даври ўтгач Ислом уммати орасида халифалик даври тугаб Пайғамбаримиз башорат қилган подшолик даври бошланди ва то қиёматгача шундай кетади.
Нофеъ ривоят қиладилар, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Язид ибн Муовия даврида иссиқ кунларда Абдуллоҳ ибн Мутийънинг олдига келди. У (Абдуллоҳ ибн Мутийъ): “Абу Абдураҳмонга ёстиқ келтиринглар”, деди.
Ибн Умар: “Мен ўтириш учун келмадим. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан эшитган ҳадисни сенга айтиб берай деб келдим”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим: “Ким итоатдан қўлини тортса, Қиёмат кунида Аллоҳга ҳужжати бўлмаган ҳолда йўлиқади. Ким бўйнида байъати бўлмаган ҳолда вафот этса жоҳилият ўлимида ўлган бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Умар ибн Мутийънинг ҳузурига иссиқ кечаларда келдилар. Ибн Мутийъ: “Абу Абдураҳмонга ёнбошига ёстиқ қўйинглар”, деди. У зот: “Мен сени олдингга ўтириш учун келмадим, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган икки калимани сенга хабарини бериш учун келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дан эшитдим: Кимки тоатдан қўлини тортса, қиёмат кунида унга ҳеч бир ҳужжат бўлмайди, кимки жамоатдан ажралган ҳолда вафот топса жоҳилият ўлимини топибди”, дер эдилар (Имом Аҳмад ривояти).
Эътибор берилса, ҳар икки ҳадис Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилинган биринчисини Имом Муслим “Саҳиҳи Муслим” китобида иккинчисини Имом Аҳмад Ҳанбал “Муснад” китобида ривоят қилиб келтиришган. Ушбу ики ривоятдаги ҳадиси шарифлар бир-бирини тўлдириб келмоқда.
Демак, ким Аллоҳнинг ҳукмларига итоат қилишдан ўзини тортса, қиёмат кунида ҳеч бир ҳужжатсиз ҳолда Аллоҳга рўбарў бўлар экан. Ким жамоатдан ажраб фирқаларга қўшилиб, бўлиниб кетса жоҳилият ўлимини топар экан.
Ҳизбут-таҳрир даъватчилари “Саҳиҳи Муслим”да келган ривоятнинг иккинчи “Ким бўйнида байъати бўлмаган ҳолда ўлса, жоҳилият ўлимини топган бўлади” жумласини матндан юлиб олиб, ўзларининг халифасиз яшаш мумкин эмас, деган даъволарига ҳужжат қилмоқчи бўладилар.
Ваҳоланки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом келажакда мусулмонлар ўзлари бўйсунишлари лозим бўлган халифа деб аталадими, у амир деб аталадими бўйсунмай тафриқага кетиб қолишларини олдиндан кўргандай бу ҳадисни айтганлар.
Ушбу ҳадиси шариф ўша тарихий даврга мос келгани эътиборидан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу муминлар байъат қилишлари лозим бўлган амир Язид ибн Муовия бўла туриб байъат қилишдан бош тортувчиларга, турли фирқаларга бўлиниш арафасида турган мусулмонларга қарата, Пайғамбар алайҳиссаломнинг огоҳлантиришларини яна эслатиб қўйиш учун айтганлар десак тўғрироқ бўлади. Аслида йўқ халифани тиклаш тўғрисида эмас.
Қолаверса, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал “Муснад”идаги 21919-ҳадис. Сафина розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим: “Халифалик ўттиз йилдир. Кейин подшоҳликлар бўлади”, дедилар. Сафина: “Ҳисобла! Абу Бакр халифалиги икки йил,Умарнинг халифалиги ўн йил, Усмоннинг халифалиги ўн икки йил, Алийнинг халифалиги олти йил”, деди.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал “Муснад”идаги 21923-ҳадис. Сафина Абу Абдураҳмон деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим: Халифалик 30 йилдир. Кейин подшоҳликлар”, дедилар. Бас эслатди. Худди шу маънодаги ҳадис имом Термизийнинг ва Абу Довуднинг Сунанларида ҳам ривоят қилиниб ҳасан саҳиҳ деб сифатланган.
Мазкур ҳадиси шарифлардан кўриниб турибдики, халифалик ўттиз йил бўлиб ўтди. Сўнгра Муовия розияллоҳу анҳудан подшоҳликлар бошланди, чунки давлат отадан болага қолиб, ўғли Язид ибн Муовия подшоҳ бўлди. Кейин унинг уруғлари умавийлар, улардан кейин аббосийлар подшоҳлигига ўтди.
Аллоҳнинг иродаси ила Пайғамбар алайҳиссалом ўзлари мўъжизадек башорат қилиб айтиб қўйганларидек бўлди. Ҳизбут-таҳрир шотирлари эса қанча йиллар ўтиб яна халифаликни тиклаймиз, уч кун халифасиз яшаган диндан чиқади, деб даъво қилиб юришибди.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан кейин яшаган мусулмонлар ҳаммасини иймони нима бўлади, уларнинг даъволари билан қанча алломалар қанча олимлар ўтди, авлиёлар валийлар ўтди, наҳотки шунча зотлар ҳам бу йўлдан адашганларча ақли донишлари бўлмаган бўлса?! Йўқ асло ундай эмас, бу ҳизбчиларнинг ўзлари адашмоқдалар, десак тўғрироқ бўлади.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси