1975 йилда Фиръавн Рамзес IIнинг қабри топилганидан бери, олимларни бир савол ҳайратга солмоқда. 3000 йилдан ортиқ вақт илгари ҳалок бўлган жасад қандай қилиб бугунги кунгача бу қадар яхши ҳолда сақланиб қолган?
Бу савол билан қизиққанлар орасида франциялик машҳур тадқиқотчи доктор Морис Бюкай ҳам бор. Фиръавннинг жасади илмий тадқиқот учун Францияга юборилди. Кўплаб таҳлил ва текширувлардан сўнг, доктор Морис Бюкай Фиръавн жасадидан топилган туз зарралари унинг денгизда ҳалок бўлганига очиқ далил эканлигини аниқлади.
Қуръон бу ҳақиқатни 1400 йил аввал баён этган эди. Фиръавн денгизда ғарқ бўлгани ва унинг жасади Аллоҳ таоло томонидан сақланиши ҳақида хабар берган.
Матто ва Луко инжилларида фақат Фиръавннинг ҳазрат Мусо алайҳиссаломни қувгани ҳақида сўзлайди, аммо унинг денгизда ҳалок бўлиши ёки жасадининг сақланиши ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.
Шу ҳақиқатни англаганидан сўнг, доктор Морис Бюкай Исломни қабул қилди.
Шунингдек, Британия музейининг “Қадимги Миср” бўлимида ЕА32751 инвентар рақами остида мўмиёланмаган, ёши 3000 йилларга тенг дея тахмин қилинган сажда ҳолатидаги қадимий жасад сақланади.
Айрим манбаларга кўра бу жасад Рамзес Иккинчининг ўғли Мернептахга (эр. ав. 1212-1202-й.) тегишли деб қаралади. Чунки тарихий маълумотлар Қуръонда тилга олинганидек яҳудийларнинг Мисрдан қувғин қилиниши айнан ушбу Фиръавн даврига тўғри келишини тасдиқлайди.
Бугунги кунда Фиръавннинг денгизда ҳалок бўлиб, минглаб йиллар ўтса-да, жасадининг сақланиб қолгани — Аллоҳ таолонинг улуғ қудрати ва оятларидан биридир. Бу ҳақда Қуръони Каримнинг “Юнус” сураси, 90–92-оятларида бундай дейилган:
“Ва Бани Исроилни денгиздан ўтказдик. Бас, Фиръавн ва унинг аскарлари ҳаддан ошган ва туғён қилган ҳолда уларни таъқиб этдилар. Токи унга ғарқ бўлиш етганида: “Бани Исроил иймон келтирган зотдан ўзга илоҳ йўқлигига иймон келтирдим ва мен мусулмонларданман”, деди. Эндими! Олдин исён қилган ва бузғунчилардан бўлган эдинг-ку?! Бугун сенинг баданингни қутқарамиз. Токи ўзингдан кейингиларга ибрат бўлгин. Албатта, кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар”.
Ҳақиқатдан ҳам, Қуръон Фиръавннинг жасади сақланиб қолишини олдиндан хабар берган ва бугунги кунда унинг мумияси Қоҳира шаҳридаги Миср Қироллик мумиёлари музейида сақланмоқда.
Пўлатхон КАТТАЕВ,
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати