Шу йил 6 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё минтақавий офиси минтақавий маслаҳатчиси Лука Солимео ва ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакилларидан иборат делегацияни қабул қилди.
Дастлаб Ҳомиджон домла меҳмонларни ташриф билан қутлар экан, Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари сафарда эканлигини маълум қилиб, уларнинг самимий саломларини етказди. Шунингдек, юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган янгиланишлар, диёримизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари тинч-тотув ва ҳамжиҳатликда яшаб келаётгани ҳақида сўзлаб, Диний идора фаолият йўналишлари ҳақида атрофлича маълумот берди.
Ўз навбатида Лука Солимео жаноблари самимий қабул ва керакли маълумотлар учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, у ўз сўзи давомида халқаро ташкилот фаолиятида Диний идоралар билан ҳамкорлик алоҳида ўрни борлиги, айниқса, ижтимоий муносабатлар ва фатво масаласи аҳамиятли экани таъкидлади.
Лука Солимео ЮНИСЕФ фаолияти ҳақида маълумот берар экан, ташкилот халқаро лойиҳаларни амалга оширишда ҳар бир давлатга алоҳида ёндашиши, маҳаллий аҳоли тарихи, келиб чиқиши, қизиқишларига қараган ҳолда халқаро тажрибаларни мослаштириши, бунда ўрганиш билан амалий ишларни баравар олиб бориши каби жиҳатлар ҳақида сўз юритди.
Учрашув давомида ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Диний идора масъул вакиллари ўз фикр-мулоҳазаларини баён этиб, ўзаро ҳамкорлик алоқалари 2018 йилдаги уч томонлама мемарандум асосида олиб борилаётгани, 2021-2025 йилларда ушбу йўналишдаги алоқалар юқори даражага кўтарилгани, айни пайтда келгуси 4 йиллик режалари ишлаб чиқилаётгани ҳақида маълумот беришди.
Мазкур учрашув Диний идора ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигининг янги, самарали босқичи сари қўйилган муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати