Ҳукуматимизнинг 1989 йилдаги қарорига биноан “Усмон Мусҳафи” Ўзбекистон мусулмонлари идорасига берилган. Шундан буён “Усмон Мусҳафи” Диний идора кутубхона музейи – “Муйи Муборак” мадрасасида сақланиб келинмоқда. 2007 йилда ҳукуматимиз томонидан "Мўйи Муборак" мадрасаси қайтадан замонавий қилиб тўлиқ таъмирланди.
Варақлар ўлчами: 53x68 см.
Варақлар сони: 338 варақ.
Матнлар ўлчами турлича: 33x39; 36x46; 38x46.
Маълумот ўрнида “Усмон Мусҳафи” (дунёда “Тошкент Қуръони” номи билан танилган) дунё цивилизацияси тарихидаги энг нодир манба. Муборак Қуръони карим учинчи ҳалифа ҳазрати Усмон ибн Аффон (тах. 575-656 й.) (р.а.) буйруқларига асосан VII асрда (644-648 йй.) кийик терисига Ҳижоз хатида ёзилган ва муқоваланган.
“Тошкент Қуръони” – “Ҳазрати Имом” мажмуаси таркибига кирувчи “Мўйи Муборак” мадрасаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси музейида сақланади.
Ислом тарихидан маълумки, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг ваҳий кўчирувчи котиблари Зайд ибн Собит (615-665 й.) бошчиликларидаги саҳобалар томонидан 6 дона Қуръон нусхаси кўчирилган.
Ушбу Мусҳаф 338 варақдан иборат. Ҳалифа Усмон (р.а.) Қуръонни ўқиб ўтирганларида шаҳид бўлганлар. У кишининг муборак қон излари Бақара сурасининг 137 - ( فسيكفيكهم الله و هو السميع العليم...) оятида сақланиб қолган.
Ҳижоз хати битилган матн ҳаракат ва нуқталардан ҳоли, терига ёзилган, ҳарфлар қиррали эмас, “алиф”ларнинг учи ўнгга сезиларли даражада бурилган.
“Усмон Мусҳафи” 1997 йил Халқаро ЮНЕСКО ташкилотининг “Memory of the World” (Дунё Хотираси) рўйхатига киритилган. Бу ҳақда 28.08.2000 йилда махсус сертификат берилган.
“Усмон Мусҳафи” буюк бобомиз Амир Темур ҳазратлари томонидан XIV асрда Ироқдан Самарқандга олиб келинган. Мусҳаф узоқ йиллар Самарқанддаги "Нодир Девонбеги" мадрасасида сақланган. Чор Россияси томонидан Ўрта Осиё босиб олингандан сўнг, Туркистон Генерал-губернатори Фон-Кауфман 1869 йилда Мусҳафни Санкт-Петербургга бериб юборган. 1905 йилда Санкт-Петербургда 50 дона нусха кўчирилган. 1917 йилда Россиядаги ўзгаришлардан сўнг Усмон Мусҳафи Тошкент ва Сирдарё уламолари талабига мувофиқ дастлаб 1923 йилда Уфага, сўнг "Мусҳафи Усмон"ни Ўзбекистонга қайтариб бериш тўғрисидаги махсус декретга асосан 1924 йилда Тошкентга қайтариб олиб келинган ва Ўзбекистон давлат тарихи музейида сақланган. 1989 йили ҳукумат қарори билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тақдим этилган.
Камолиддин Маҳкамов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Кутубхона бўлими бошлиғи
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Фарғона вилоятидаги диний соҳа вакиллари иштирокида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда стол тенниси бўйича мусобақанинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад диний соҳа ходимларининг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашдан иборатдир. Кўтаринки руҳ ва дўстона муҳитда ўтган беллашувларда иштирокчилар билим, тафаккур ва чаққонлик борасида ўз маҳоратларини намоён этди.
Қизғин ва муросасиз баҳслар якунига кўра ғолиблар аниқланди.
“Заковат” интеллектуал ўйини натижалари:
1-ўрин — Марғилон шаҳри жамоаси;
2-ўрин — Олтиариқ тумани жамоаси;
3-ўрин — Фарғона шаҳри жамоаси.
Стол тенниси мусобақаси натижалари:
1-ўрин — Сарвар Раҳмонзода («Эшонбобо» жоме масжиди имом ноиби);
2-ўрин — Муҳаммадюнус Мирзараҳимов («Сулаймонбек ҳожи» жоме масжиди имом ноиби);
3-ўрин — Муҳаммадюсуфхўжа Саидхўжаев («Абу Мусо ал-Ашъарий» жоме масжиди имом ноиби).
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати