Ижара ҳақини ўз вақтида тўлолмаганингиз учун бор будингиз, болаларингиз билан кўчага ҳайдалганмисиз?
Баъзи-баъзида уй тополмай кўчаларда, бекатларда ётиб қолганмисиз?
Фарзандларингиз «қачон бизнинг ҳам уйимиз бўлади», дея совол берганида қандай жавоб беришни билмай, уларнинг кўзига қарашга ботинолмай қолган пайтларингиз бўлганми?
Бугун сизга айтмоқчи бўлаётган бу оила, бу она бундай кунларни кўп бора бошидан ўтказган. Турмуш ўртоғи уч нафар қизи билан ташлаб кетганидан кейин она не-не қийинчиликларни кўрмади дейсиз? Қишнинг қировли кунларида, ёзнинг жазирамаларида бир хонали бўлсада уйимиз, бошпанамиз бўлсайди, дея орзу қилишди. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, бугун ўша кунлар ортда қолди.
«Вақф» хайрия жамоат фондининг Бухоро вилояти филиали томонидан мазкур оилага эътибор қаратилиб, ҳар томонлама ёрдам кўрсатилиши белгиланди. Биринчи ўринда оиланинг уй-жойга муҳтожлиги ҳисобга олиниб, кўп қаватли уйдан таъмирланган яшашга тайёр бир квартира ажратилди. «Вақф» фонди балансида бўлган ушбу уй она ва болаларга бир умрга текин фойдаланишга берилди. Филиал томонидан оилага зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам топширилди.
Бугундан бошлаб ҳеч ким бу уйдан чиқ, деб эшик тепиб келмайди. Она, айниқса болалар жуда хурсанд. Шундай уйни совға қилгани, хурсандчилик улашгани учун «Вақф» фонди ва ҳомийларни дуо қилишмоқда.
Аслида бу дунё, мол-мулк ҳаммамиздан қолиб кетади, азизлар! Ҳали ҳам ниманидир ўзгартириш, кимгадир ёрдам қилиш учун жуда кўп имкониятимиз бор. Фақат сиз хоҳласангиз, чин қалбдан истасангиз бўлгани.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
"Вақф" фонди
Матбуот хизмати
#taziya
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси "Шамсуддинхон Бобохонов" нашриёт-матбаа ижод уйи ходимаси Муслима Таджибаеванинг падари бузруквори Миркомил отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳумнинг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz