Тушлик вақтида уст-боши кир бўлган одам тамаддихонага овқатланиш учун кириб, қўл ювиш хонасини сўради. Уни бу аҳволда кўрган хизмат кўрсатувчининг юзи буришиб, қўл ювиш хонасини кўрсатиб юборди. Қўлини ювиб бўлганидан кейин қаерга ўтирса бўлишини сўради. Хизмат кўрсатувчи унга ташқаридан жой кўрсатди. Шу пайт башанг кийинган бошқа бир одам кириб келди. Уни кўрган хизмат кўрсатувчи дарров олдига бориб яхши жой қилиб, нима овқат ейишини сўради.
Қисқаси, икки одамга икки хил муомала-муносабат кўрсатилди. Бирига деярли хизмат кўрсатилмади, бошқаси тавсия қилинган таом ёқмагани учун ҳақ тўлашдан бош тортса ҳам, индалмади. Иш бошқарувчи таом пулини ўзимиз тўлаймиз, деб уни кузатиб қўйди.
Биринчи бўлиб келган одам таом пулини тўлаш учун ичкарига кирганида боя башанг кийинган кишига хизмат кўрсатган хизматчини иш бошқарувчи уришиб, таом пулини ойлигидан олиб қолишини айтаётгани устидан чиқди. Иш бошқарувчига салом бериб, ҳар иккала таомнинг пулини ўзи тўлашини айтди. Хизматчи унга хижолатона қарар экан, одамнинг ташқи кўринишига қараб муомала қилиш хато эканини англади.
Бунга ўхшаш ҳолатларни ҳозир тез-тез учратиб турамиз. Ким яхши автоулов, яхши кийим кийса, унга нисбатан ўта яхши муомила қиладиган одамлар учрайди. Ҳолбуки, зоҳиргамас, ботинга, амалга, тушунчага, муомалага қараган инсон адашмайди.
Акбаршоҳ Расулов
Баъзан айб ўзимиздан ўтса-да, кечирим сўрашга шошилмаймиз. Хўш, бизни боримизча суйган, ардоқлаган инсонлар билан арзимас майда-чуйдалар, жиловланмаган ҳиссиётлар ва сохта ғурур туфайли деворлар қураётганимизда, аслида ким ғолиб бўлади?..
Ҳаёт бизга узоқ бир сафардек туюлади, аммо у аслида жуда қисқа. Бугун кимгадир заҳрингизни сочаётган, жаҳл отига минаётган бўлсангиз, бир лаҳза тўхтанг... Эртага ўша инсонни бағрингизга босиш, овозини эшитиш имкониятидан бутунлай маҳрум бўлиб қолишингиз мумкинлигини ўйлаб кўринг.
Вақт — шафқатсиз ҳакам. Йиллар биз ўйлагандан ҳам шиддат билан учиб ўтади. Кўзни очиб юмгунча болаларимиз улғайганини, сочларига оқ оралаган ота-онамизнинг янада чўкиб, кексайиб қолганларини сезмай қоламиз. Ва бир куни... атрофимизни фақат совуқ ва сукунат қоплагандагина кеч англаймиз.
Гоҳида телефонингизга келган ўша оддий хабар ҳақиқатан ҳам энг охиргиси бўлади. Гоҳида «кейин гаплашамиз» дея айтилган сўздан сўнг, ўша «кейин» ҳеч қачон келмайди.
Ёнингиздаги инсонларнинг тириклигида, нафас олиб турганида қадрига етинг. Кўксингизни тўлдириб турган сохта ғурурни енгиб, биринчи бўлиб қадам ташланг: «Кел, урушмайлик, сен мен учун азизсан», дейишга куч топинг. Чунки бу дунёда ҳақ бўлиб чиқишдан кўра армонларсиз, бахтли яшаш муҳимроқдир.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ