Бугун, 11 ноябр куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Малайзиянинг Тун Хуссейн Онн номидаги давлат университети ҳузуридаги Исломшунослик институти раҳбари Хаирун Низам бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказилди.
Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов қабул қилди ва ташриф билан қутлаб, Диний идора фаолияти, бўлимлари, хусусан, Таълим ва илмий тадқиқотлар бўлими ҳақида айтиб ўтди.
Меҳмонлар сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий, туризм ва бошқа соҳаларда бўлаётган янгиланишларни эътироф этиб, Ислом цивилизацияси маркази, қайта бунёд этилиб, янада чирой очган Имом Бухорий мажмуаси, Мир Араб, Имом Мотуридий, Имом Термизий ва бошқа диний олий таълим масканлари ташкил этилганидан мамнун бўлганликларини айтиб ўтишди.
Учрашувда таълим-фан, илмий тадқиқот ишларида ўзаро ҳамкорлик қилиш, илмий-маърифий тажриба алмашинувларни йўлга қўйиш масалалари ҳақида сўз борди.
Якунда томонлар бир-бирларига муваффақият тилаб, эсдалик учун суратга тушиб, эсдалик ҳадялари алмашишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига меҳр-эътибор кўрсатиш мақсадида уларнинг хатна тўйи ўтказилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакиллиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган хайрия тадбирида 2 ёшдан 11 ёшгача бўлган 35 нафар болажонларга хурсандчилик улашилди.
Болаларга байрам муносабати билан велосипед, костюм-шим, кўйлак, оёқ кийимлари ҳамда яна бошқа турли хил совға-саломлар тақдим этилди.
Болаларнинг яқинлари ва жамоатчилик вакиллари учун байрам дастурхони ёзилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти матбуот хизмати