Абдулаҳад домла Валибоев, Чўлпонота масжиди имом-хатиби
Бугун, 25 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Андижон вилоятига хизмат сафари давомида жума намозини Асака шаҳридаги “Аҳмадали Маҳдум” жоме масжидида адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга илмнинг қадри, таълим-тарбия берувчи устозларнинг мақоми ҳамда вақтни ғанимат билиш ҳақида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Дарҳақиқат, бугун юртимизда барча имконият бор. Шундай экан, илм ўрганиб, устозларни, ота-онани, бу шарт-шароитларни қадрлаб, вақтдан унумли фойдаланиш лозим.
Маърузада айтилганидек, оқил инсон Аллоҳ таоло берган фурсатни тўғри тасарруф қилади. Ҳар кунини дунёси ва охирати учун фойдали бўлган ишларга сарфлайди. Зеро, вақт ортга қайтмайди, умр қайта берилмайди. Шундай экан, Аллоҳ берган бу қимматли вақтни илм-маърифат ўрганишга, уни бошқаларга ўргатишга сарфлаган киши юксак даражаларга эришади.
Шунингдек, Муфтий ҳазратлари Давлатимиз Раҳбарининг Андижон вилоятига сафари, халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишларига ҳам урғу қаратдилар. Бундай тарихий ютуқлар “Инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги ифодаси экани, зеро динимиз ҳам инсон қадрини олий санашини таъкидладилар.
Якунда Аллоҳ таоло барча устоз ва мураббийлар меҳнатига улкан ажрлар беришини, уларнинг илмидан баҳраманд бўлаётганлар динимиз ва миллатимизга фойдали инсонлар бўлиб етишишини сўраб дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати