Бугун, 17 ноябрь куни Мир Араб олий мадрасаси талабалари ўртасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг "Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" номли асари бўйича мусобақа бўлиб ўтди.
Унда “Абу Ҳафс Кабир”, “Нақшбандийлар”, “Имом Мотурудий”, “Чор Бакр” ҳамда аёл-қиз талабаларнинг “Муслималар” жамоалари иштирок этди.
Мусобақа тезкор савол-жавоб ҳамда тафсилотли савол-жавоб шартлари асосида олиб борилди.
Якуний натижага кўра “Имом Мотурудий” жамоаси 1-ўринни қўлга киритди. Якунда ғолиб ва иштирокчиларга ҳадялар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати