17 ноябрь куни Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосарлари Хайрулло домла Саттаров ва Нурсултонхон домла Абдуманноновлар Финландия мусулмонлари жамияти имоми Рамил ҳазрат Беляев раҳбарлигидаги делегацияни қабул қилдилар.
Меҳмонлар мамлакатимизда кенг нишонланаётган 16 ноябрь – "Халқаро бағрикенглик куни" муносабати билан ташкил этилган тадбирларда фаол иштирок этмоқдалар. Учрашувда Финландия делегацияси Самарқандда амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотлар, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик соҳасидаги фаолиятни юқори баҳолади ҳамда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга ишонч билдирди.
Шунингдек, меҳмонлар шаҳримизнинг кўҳна қадамжолари ва маданий мерос объектларини кўришдан катта завқ олганликларини таъкидладилар. Учрашув самимий ва фойдали руҳда ўтди, ва томонлар эсдалик совғалари алмашдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати