Бугун Фарғона халқаро аэропортида муқаддас ҳаж амалларини адо этиш учун тараддуд кўраётган зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳини кузатиш маросими бўлиб ўтди. Фарғона–Мадина йўналиши бўйича Саудия Арабистонига йўл олган юртдошларимиз юксак кўтаринкилик ва мамнуният билан сафарга кузатилди.
Зиёратчилар учун сафар олдидан барча зарур шарт-шароитлар тизимли равишда ташкил этилди. Хусусан, фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди ҳамда ташкилий масалалар тўлиқ ҳал этилди. Шунингдек, муқаддас зиёрат давомида амал қилиниши лозим бўлган тартиб-қоидалар ва ибодатларни мукаммал адо этиш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш бўйича масъуллар зиёратчилар билан бевосита суҳбатлашиб, уларга оқ йўл тиладилар. Сафарнинг ҳар бир босқичи назоратга олинган бўлиб, зиёратчиларнинг хавфсизлиги ва қулайлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Маълумот ўрнида, Фарғона вилоятидан зиёратчиларни муқаддас заминга кузатиш жараёнлари жорий йилнинг 10 май кунига қадар давом этади. Юртимиздан бораётган барча зиёратчиларнинг ҳаж амаллари мақбул бўлишини тилаб қоламиз.
Alhidoya.uz