Ҳар ҳафтанинг чоршанбасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг қуйи тизимларида фуқаролар қабули бўлиб ўтади. Мурожаатларга диний идора раҳбариятидан тортиб, ҳар бир масжид имомигача доимий эътибор қаратиб, фуқароларга имкон қадар кўмакчи бўлишади.
Ана шундай қабуллардан бири бугун, 19 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида бўлиб ўтди.
Раиснинг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Диний идорага келган фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларни тинглади. Мурожаатчилар томонидан айтилган имом-хатиблар фаолияти, ҳаж ва умра, оилавий масалалар, моддий ёрдам сингари 14 та масала ваколат доирасида ижобий ҳал этилди.
Самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролар кўрсатилган эътибордан кўнгиллари шод бўлиб, хайрли дуолар қилишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрия тадбирлари давом этмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 9 август куни «Вақф» хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти филиали, ҳудуддаги масжидлар ходимлари ва саховатпеша ҳомийлар ҳамкорлигида эҳтиёжманд оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйлари ташкил этилди.
Тадбир доирасида тўйболаларнинг ҳар бирига 35 та велосипед, 35 тўплам ўқув қуроллари ҳамда янги костюм-шим, кўйлак ва оёқ кийимлар тўплами тантанали равишда топширилди.
Тантанали маросимда сўз олганлар болажонлар ва уларнинг ота-оналарига эзгу тилаклар билдириб, фарзандларни соғлом, баркамол ва дину диёнатли инсонлар этиб тарбиялаш, уларга муносиб таълим бериш энг муҳим вазифалардан бири эканини таъкидладилар.
Динимиз ва халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлган бу каби хайрли тадбирларни «Вақф» фонди томонидан изчил давом эттириш режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати