Бир таксичи юртидаги бир бой одамни манзилига етказди. Бой одам таблода кўрсатилган маблағни тўлади. У таксидан тушаётганида таксичи унга: “Биласизми, кеча ўғлингизни бир манзилга олиб бориб қўйгандим. У менга таблода кўрсатилганидан анча кўпроқ пул берди. Нега сиз ундан ҳам бой бўлатуриб бундай қилмадингиз?” деди.
Бой одам таксичига кулимсираб қаради: “Сиз нимани кутган эдингиз? Ўғлим отаси бой бўлгани учун шундай қилгандир, мен эса етим ўсганман”, деб тушиб кетди.
Ҳа, кимки ўз меҳнати билан даромад топса, уни қадрлайди. Кимгаки катта маблағ қийинчиликсиз келса, уни кераксиз ўринларга ҳам сарфлайди. Шундай экан, болаларимизга меҳнат билан эришишни ўргатсак, улар тўғри тасарруфни ўзлари ўрганиб олади.
Акбаршоҳ Расулов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент вилояти Тошкент тумани “Рамадон” жоме масжиди имом-хатиби Абдураҳмон домла Астаноевнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Дин ривожи, халқ маърифати ва Ватан равнақи йўлида қилган барча хизматларини Аллоҳ қабул айласин!
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари, шогирдлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Абдураҳмон домла Астаноевнинг оила аъзолари, ёр-биродарлари, сафдошлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz