Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Хурайра розияллоҳу анҳу икки кишини кўриб, уларнинг биридан: «Бу сенга ким бўлади?» - деб сўрадилар. У: «Отам», - деб жавоб берди. Шунда у зот: «Унинг исмини айтиб чақирма, олдида юрма ва ундан аввал ўтирмагин», дедилар.
Имом Бухорий ривояти.
***
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Ким отасига кўз қири билан (менсимай) қараса, унга оқ бўлибди».
Изоҳ: «Оқ бўлиш» ибораси араб тилида «кесиш», «узиш» деган маънони билдиради, шаръий истилоҳда эса ота-онага азият бериш, маъсият бўлмаган ишларда уларга итоатсизлик қилиш, уларни ғазаблантириш, норози қилиш, улардан алоқани узишга айтилади. Бинобарин, уни қандайдир қарғишга қолиш, бирор касалликка гирифтор бўлиш маъносида тушунмаслик керак.
***
Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр айтади: «Отам вафот этганда бир йил давомида Аллоҳдан фақатгина отамни афв этишини сўрадим».
***
Умар ибн Абдулазиз Ибн Меҳронга шундай деган: «Ота-онасига оқ бўлган кимса билан дўстлашмагин. Чунки уларга оқ бўлган кимса сени ҳам ҳаргиз рози қилмайди».
***
Авн ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ айтади: «Отанг яқин бўлган кишилар билан боғлангин».
***
Имом Мужоҳид айтади: «Кимни отаси урса, унинг қўлини қайтариши мумкин эмас. Ким ота-онасига тик қараса, уларга яхшилик қилмабди. Ким ота-онасини хафа қилса, уларга оқ бўлибди».
***
Аввом айтади: «Мужоҳиддан: «Агар намозга азон айтилса, шу пайт отам ҳам мени биров орқали чақириб қолса, қайси бирига жавоб қиламан» деб сўраган эдим. У: «Отанг (чақириғи)га жавоб бер», - деди...
***
Мужоҳид айтади: «Отанинг дуоси Аллоҳ азза ва жалладан тўсилмайди».
***
Собит ибн Аслам Буноний айтади: «Биров отасини бир жойда ураётган эди. «Бу нимаси?» - деб сўралди. Шунда отаси: «Қўяверинглар, худди шу жойда мен ҳам отамни урардим. Болам билан шундай балоланиб, ўзим ҳам айни шу жойда уриляпман», деди».
***
Ибн Муҳайриз айтади: «Ким отасини исми ёки лақабини айтиб чақирса, унга оқ бўлибди».
***
Авн ибн Абдуллоҳ айтади: «Ота-онага термилиб боқиш ҳам ибодатдир».
***
Умар ибн Зирр раҳматуллоҳи алайҳнинг ўғли вафот этганда: «Аллоҳим, унинг менинг ҳаққимда йўл қўйган камчиликларини кечирдим. Сен ҳам вожиб ҳақларинг борасида камчиликларини мағфират қилгин», - деб дуо қилди. Шунда ундан: «Ўғлинг сенга қандай яхшилик қиларди?» - деб сўралди. У: «Кундузи фақат ортимда, тунда эса олдимда юрарди. Мен турган уйнинг тепасига чиқмас эди», - деди...
***
Муалло ибн Айюб раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Маъмуннинг шундай деганини эшитганман: «Фазл ибн Яҳё Бармакийдан кўра отасига яхшилик қилувчироқ кишини кўрмаганман. Айтилишича, унинг отаси Яҳё фақат иссиқ сувда таҳорат қиларди. Улар иккаласи зиндонга тушиб қолганда зиндонбон уларга ҳаво совуқ бўлган куни кечаси ўтин қирқишни тақиқлаб қўйди. Шунда Фазл зиндондаги кичкина хушбўйлик солинадиган идишчага сув тўлдириб, иситиш учун шамчироққа яқин олиб борди ва эрталабгача унга тутиб турди».
Ушбу воқеани Маъмундан бошқалар ҳам келтиради: «Эртаси куни зиндонбон Фазлга шамчироқда сув иситишни ҳам ман қилди. Шунда у идишни тўлдириб, тўшагига ўради ва уни бағрига босиб илитди».
***
Муовия ибн Қуррадан, «Ўғлинг сенга қандай муомала қилади?» деб сўралган эди. У: «У жуда хам яхши фарзанддир. Менинг дунё ишларимни зиммасига олиб, охират ишларим учун фориғ қилиб қўйган».
***
Муҳаммад ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: «Ким отасининг олдига тушиб юрса, унга оқ бўлибди. Агар унинг йўлидан азиятни кетказиш учун (олдига ўтса) ундай эмас. Ким отасининг исмини айтиб чақирса, унга оқ бўлибди. «Эй отажон» деса, ундай эмас».
«Қиблагоҳ» китоби асосида тайёрланди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Кўпчилик хўл меванинг энг чиройли ва пишган бўлагини танлайди. Аммо отам (Аллоҳ раҳматига олсин) бошқача йўл тутар эдилар.
Отам жорий қилган оилавий анъаналарнинг энг гўзалларидан бири — ҳар куни кечки овқатни бутун оила даврасида қилиш эди. У киши кун давомида ҳар ким ўз иши билан банд бўлса ҳам, ҳеч бўлмаганда кечки таом пайтида ҳаммамиз бир дастурхон атрофида йиғилиб, бир-биримизнинг ҳолимиздан хабар олишимизни истар эдилар.
Таомдан олдин мева қўйилганда эса, отам ҳар сафар бир хил ишни қилардилар. У киши доимо доғ тушган мевани танлар эдилар. Меванинг уринган қисмини кесиб ташлар, қолган қисмини эса истеъмол қилардилар.
Болалигимдан бошлаб, отам вафот этгунларига қадар бу ҳолатни минглаб марта кўрганман. Ўша оддий одат менга сўзсиз, насиҳатсиз жуда катта сабоқ берди. Бу – неъматнинг қадрига етиш.
Ахир дастурхонимизга келган ҳар бир мева ортида қанча меҳнат ётади: деҳқон ер ҳайдайди, уруғ қадайди, сув беради, парвариш қилади, ҳосилни йиғади, одамлар уни ташийди ва ниҳоят у бизнинг дастурхонимизга етиб келади.
Бугунги кунда дунёда озиқ-овқатнинг катта қисми исроф қилинмоқда.
Отам менга бирор нуқсонли нарсани бутунлай ташлаб юбормасликни, агар бир қисми бузилган бўлса, фақат ўша қисмини олиб ташлаб, қолганини истеъмол қилишни ўргатганлар.
Отамнинг яна бир одатлари бор эди. Ҳар сафар овқатдан кейин: “Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳга шукр. Аллоҳ барака берсин”, дер эдилар.
Отам мевани ер эдилар, мен эса неъматнинг қадрига етишни ўрганар эдим. Отам дунёдан ўтганларидан кейин бу оддий одатларнинг асл қадрини янада чуқурроқ англадим.
Аллоҳ барча ўтган ота-оналаримизни Ўз раҳматига олсин, ҳаётдагиларининг умрларини узоқ, ризқларини баракали қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД