Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида барча мусулмонлар ўзлари билмаган масалаларни Расулуллоҳдан сўраганлар. Саҳобаи киромлар даврида олим саҳобалардан ёш саҳобалар таълим олишди. Шу зайлда, шаръий илмларда маълум даражага етмаган кишилар муайян уламоларнинг йўлларини тутишлари анъанага айланиб, фиқҳий мазҳаблар кўпайиб борди. Чунки, Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай деган: “Бас, агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).
Аммо вақт ўтиши билан улар орасидан тўрт йирик мазҳаб: ҳанафийлик, моликийлик, шофеийлик ва ҳанбалийлик ажралиб чиқди ва уларнинг мазҳаблари мусулмонлар оммаси томонидан “фиқҳий мазҳаблар” деб эътироф этилди.
Мазкур тўрт мазҳабнинг тўғрилиги ва ҳақ эканлиги ҳақида барча мусулмон уммати ижмо (иттифоқ) қилганлар. Далил сифатида қуйидаги олимларнинг сўзларини келтирамиз:
Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” номли китобида шундай деган: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди. Уларнинг илму маърифатда юқори мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмлари ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди”.
Имом Бадриддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида шундай ёзади: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”.
Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий ўзларининг “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарларида шундай деганлар: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор”. Имом Самҳудий сўзларини давомида шундай дейди: “Бир мазҳабда юришда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилиш бор:
“Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти). Демак, мазҳабга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади”.
Машҳур аллома А. Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи, ижтиҳод даражасига етмаган кишиларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккада ва Мадинада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.
Юқоридаги етук уламоларнинг бу мавзудаги фатво ва хулосаларини кўплаб келтириш мумкин. Бундан бизнинг юртимизда фақатгина Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилиш лозим экани маълум бўлмоқда. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бир неча асрлардан бери ота-боболаримиз мазкур мазҳабга оғишмай амал қилиб келмоқдалар.
Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай етук олимлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, тўғрилигини эътироф қилиб турган бир пайтда баъзи юртдошларимиз ўзлари илмий кўникма ҳосил қилмаган бўлсалар-да: “Мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, даъво қилиб, турли ихтилофларни келтириб чиқармоқдалар.
Машҳур уламоларимиздан Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир” номли китобларида ҳозирги мазҳабсизларнинг воқелигини изоҳлаб шундай деганлар: “Шубҳасиз улар (яъни, мазҳабсизлар)нинг ҳаммалари бевосита Қуръон ва суннатдан ҳукм олишни даъво қиладилар. Улар ўзини худди санад, далиллар ва ровийларнинг билимдони ва тадқиқотчисидек тутса-да, аслида биз ана шу одамларнинг орасида бутунлай саводсизларининг кўп гувоҳи бўлдик”.
Демак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонлари Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларига эргашишлари лозим ва лобуддир.
Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳри "Абдулқодир қори" жоме масжиди имом хатиби
Манба: @SOFTALIMOTLAR
Жорий йилнинг 30 июнь куни Озарбайжон Республикасининг Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг дин масалалари бўйича масъул давлат органлари раҳбарларининг биринчи учрашуви доирасида Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқ Тошбоев Озарбайжон Республикаси Диний ташкилотлар билан ишлаш бўйича давлат қўмитаси раиси Рамин Маммадов билан учрашди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани, бу эса дин соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам замин яратаётгани таъкидланди.
Томонлар ҳар икки мамлакатда миллий ва маънавий қадриятларни асраш, соғлом диний-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш, аҳолининг диний-маърифий саводхонлигини юксалтириш ҳамда давлат ва дин муносабатларини янада такомиллаштириш устувор йўналишлардан бири эканини қайд этдилар.
Рамин Маммадов диний ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш, замонавий таҳдид ва чақириқларга мос институционал ҳамкорлик механизмларини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, Шушада ўтказилаётган учрашув Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг ваколатли органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун янги имкониятлар яратишини билдирди.
Содиқ Тошбоев томонлар ўртасида умумий маънавий қадриятларни асраш ва уларни келгуси авлодларга етказиш йўлида олиб борилаётган изчил сиёсат алоҳида аҳамият касб этаётганини қайд этди.
Шунингдек, томонлар ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлаб, ўзаро ташрифларни фаоллаштириш, мутахассислар ва экспертлар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда қўшма илмий-маърифий лойиҳаларни амалга ошириш икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди.
Шунингдек, Дин масалалари бўйича масъул давлат органлари раҳбарларининг биринчи учрашуви якунлари бўйича қабул қилинган Қўшма баёнот ушбу йўналишдаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар қўшма маърифий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро манфаатли бошқа масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати