Давлатимиз томонидан экологик вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар қабул қилинди.
Жумладан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Тошкент шаҳри ҳудудида атмосфера ҳавосининг сифатига ижобий таъсир кўрсатадиган микроиқлим барқарорлигини таъминлаш мақсадида Сув хўжалиги вазирлиги ва “Ўзсувтаъминот” АЖ билан биргаликда уч ой муддатда пойтахтнинг 4 та йўналишида (шарқ, ғарб, шимол ва жануб қисмларига) камида 3 тадан сунъий кўл ва сув ҳавзаларини ташкил этиши белгиланди.
Шу ўринда, Президентимизнинг "Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонидаги ушбу ташаббус пойтахтимизга янгича гўзаллик қўшиши баробарида ҳаво ифлосланишига қарши курашишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 25 ноябрь куни ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнлари билан танишиш ҳамда келгусидаги вазифаларни фаоллар иштирокида белгилаб олиш учун Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари Самарқандга ташрифини таомилга кўра, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш билан бошлади. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.
Президентимизнинг ташаббуси билан мазкур мажмуа буюк муҳаддис бобомизнинг ислом оламида тутган юксак мавқеи, улкан салоҳиятига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилди. Умумий майдони 45 гектарни ташкил этадиган ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид ва маъмурият биноси, музей, кириш ва чиқиш айвонлари қурилди. Зиёратгоҳнинг 4 бурчагидаги 75 метрлик миноралар унга маҳобат бағишлаган.
Бу жой фақат зиёрат эмас, илм-маърифат, тарбия ва ибрат маскани бўлиши, Имом Бухорийнинг буюк изланишлари, билими ҳамда камолоти зиёратчилар, айниқса, ёшлар учун эзгу намуна бўлиши кераклиги эътиборга олиниб, мажмуада инновацион музей ташкил этилди. У ислом оламида муҳаддислар султони дея эътироф этилган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссасини намоён этади.
Мажмуа аввал бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, ҳозир 65 минг нафар меҳмонга халқаро стандартларга мос хизмат кўрсатиш имконияти яратилган.
Бундан ташқари, ҳудудда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби жойлашган.
Зиёратгоҳ атрофида 570 миллиард маблағ сарфланиб, меҳмонхоналар ва савдо-сервис нуқталари ташкил этилди. Бунда 1 та тўрт юлдузли, 2 та уч юлдузли ҳамда 22 та оилавий меҳмон уйи қурилган. Мазкур объектлар тўлиқ коммуникация тармоқлари билан таъминланиб, ҳудуди ободонлаштирилган. 2026 йилга қадар ҳудудда кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш ҳамда автотураргоҳларни ташкил этиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари Имом Бухорий зиёратгоҳи халқимизнинг бой маънавий мероси ва бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин намунаси бўлганини таъкидлаб, мажмуада айни пайтда олиб борилаётган сўнгги ободонлаштириш ишларини сифатли ва ўз вақтида бажариш юзасидан масъулларга топшириқлар берди.