Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, устоз Зайниддин домла Эшонқулов хизмат сафари билан Польша Республикасида бўлиб турибди.
Кеча, 24 ноябрь куни шом намозини адо этиш мақсадида Польша Республикаси пойтахти Варшавадаги “Марказий” масжидга ташриф буюрилди. Зайниддин домла Эшонқулов шом намозига имомликка ўтиб, намоздан сўнг, намозхонлар ва ватандошларимиз билан самимий суҳбат ўтказилди.
Шунингдек, ташриф давомида Польша муфтийси Томаш Мицкевич билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниб, муфтий жаноблари Имом Бухорий мажмуаси очилиши ва Ислом цивилизацияси марказига таклиф этилди. Томаш Мицкевич мазкур таклифдан катта мамнуният изҳор қилиб, албатта Ўзбекистонга бориш нияти борлигини билдирди ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда иш олиб боришга тайёрлигини таъкидлади.
Хуфтон намози Варшавадаги “Фотиҳ” масжидида адо этилди. Намоздан кейин ватандошларимиз билан учрашув ўтказилиб, сафар одоблари, юртдан узоқда бўлганда ҳам оила ва яқинлар билан алоқани узмаслик, силаи раҳимни унутмаслик каби муҳим масалалар ҳақида маъруза қилинди. Ташриф давомида юртдошларимизнинг саволларига жавоб берилди ва дуои-хайрлар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун, 10 август куни Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги «Охун бобо» жоме масжидида хайрли ва саховатпеша тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда яқинлашиб келаётган янги ўқув йили муносабати билан Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла ва саховатпеша ҳомийлар ташаббуси билан боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинди.
Тадбир доирасида мактаб ёшидаги ўқувчиларга янги ўқув йили учун зарур бўлган мактаб формаси, сумка ва тўлиқ ўқув қуроллари тўпламлари тантанали равишда топширилди.
Маросим якунида юртимиз тинчлиги, хонадонлар файзу баракаси ва хайрли ишга ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳақига эзгу дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати