Шу йилнинг 24–28 ноябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги делегация Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигида диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича хизмат сафарида бўлади.
Ўзбекистон делегацияси Иордания бош муфтийси ва Фатво маркази раҳбари Аҳмад Ҳасанот ҳазратлари, Вақф, ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазири Муҳаммад Халояла жаноблари, Подшоҳ Абдуллоҳ II номидаги Имомлар тайёрлаш ва малакасини ошириш институти раҳбари доктор Абдусаттор Қудо, Иордания халқаро ислом илмлари университети раҳбарияти ва бир қатор соҳага дахлдор мутасаддилар билан икки томонлама музокаралар ўтказиши режалаштирилган.
Сафар давомида қуйидаги вазифалар амалга оширилади:
- меморандумлар ва қўшма дастурларда белгиланган вазифаларни амалиётга жорий этиш;
- Иордания Фатво маркази ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва шаръий масалаларга жавоблар тайёрлаш юзасидан мулоқотлар қилиш;
- Подшоҳ Абдуллоҳ II номидаги Имомлар тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ва шу каби касб-маҳоратни ошириш курсларида диний соҳа ходимлари сонини ошириш;
- иорданиялик олимлар асарларини ўзбек тилига таржима қилиш;
- илмий марказлар, таълим муассасалари билан алоқаларни йўлга қўйиш, устоз ва талабалар алмашинувини муҳокама қилиш;
- Иорданиянинг вақф мулкчилиги, масжидларни бошқариш, қадамжоларни сақлаш тажрибасини ўрганиш ва ўзаро зиёрат туризмини ривожлантириш;
- бошқа соҳага дахлдор мутасадди идоралар билан ҳамкорлик масалаларини йўлга қўйиш.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жорий йил 21 сентябрь куни "Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" Президент қарори қабул қилинди. Ҳужжат билан иш жойида тазйиқ, зўравонлик, шаҳвоний шилқимлик, руҳий босим, таъқиб ва камситишнинг олдини олиш, мурожаатларни холис кўриб чиқиш ва бундай ҳолатларни яширишга йўл қўймаслик бўйича яхлит тизим жорий этилмоқда.
Рақамли тизим қачондан ишлайди?
2026 йил 1 декабргача "Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити" ахборот портали ишга туширилади. У орқали тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатлар онлайн қабул қилинади, мурожаатларни кўриб чиқиш, далилларни йиғиш, хулоса тайёрлаш ва текширув натижаларини назорат қилиш жараёнлари рақамлаштирилади.
Энг муҳим кафолатлар
Мурожаат қилган ходимнинг шахсий маълумотлари ҳимоя қилинади.
Бундай маълумотларнинг қонунчиликда назарда тутилмаган ҳолларда ошкор қилинишига йўл қўйилмайди.
Раҳбар устидан мурожаат тушса, масала юқори турувчи инстанцияга автоматик йўналтирилади.
Бу манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга хизмат қилади.
Мурожаат учун босим ўтказишга йўл қўйилмайди.
Қарор материалларида ходим ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун унинг иш шароитларини ёмонлаштириш ёки жазолашга йўл қўйилмаслиги алоҳида таъкидланган.
Зарур ҳолатларда "112" орқали ваколатли органларга юбориш механизми ҳам тизимга интеграция қилинади.
Бу фақат шикоят тизими эмас
Давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ҳар йили қисқа тренинг курсларида ўқитилади. Ҳар бир ташкилотда портални юритиш ва профилактик тренингларни ташкил этиш учун камида бир нафар масъул ходим белгиланади.
Нодавлат ташкилотлар учун ҳам dmi.mehnat.uz тизимида мазкур имкониятлардан ихтиёрий фойдаланиш шароити яратилади.
Қарорнинг асосий мазмуни битта: иш жойидаги тазйиқ ёки зўравонликни яшириш эмас, уни хавфсиз билдириш, холис кўриб чиқиш ва натижасини назорат қилишнинг аниқ механизми яратилмоқда.
Ҳурмат — имтиёз эмас. Хавфсиз иш муҳити эса энди алоҳида талаб эмас, тизимли вазифага айланмоқда.