Шу йилнинг 24–28 ноябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги делегация Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигида диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича хизмат сафарида бўлади.
Ўзбекистон делегацияси Иордания бош муфтийси ва Фатво маркази раҳбари Аҳмад Ҳасанот ҳазратлари, Вақф, ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазири Муҳаммад Халояла жаноблари, Подшоҳ Абдуллоҳ II номидаги Имомлар тайёрлаш ва малакасини ошириш институти раҳбари доктор Абдусаттор Қудо, Иордания халқаро ислом илмлари университети раҳбарияти ва бир қатор соҳага дахлдор мутасаддилар билан икки томонлама музокаралар ўтказиши режалаштирилган.
Сафар давомида қуйидаги вазифалар амалга оширилади:
- меморандумлар ва қўшма дастурларда белгиланган вазифаларни амалиётга жорий этиш;
- Иордания Фатво маркази ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва шаръий масалаларга жавоблар тайёрлаш юзасидан мулоқотлар қилиш;
- Подшоҳ Абдуллоҳ II номидаги Имомлар тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ва шу каби касб-маҳоратни ошириш курсларида диний соҳа ходимлари сонини ошириш;
- иорданиялик олимлар асарларини ўзбек тилига таржима қилиш;
- илмий марказлар, таълим муассасалари билан алоқаларни йўлга қўйиш, устоз ва талабалар алмашинувини муҳокама қилиш;
- Иорданиянинг вақф мулкчилиги, масжидларни бошқариш, қадамжоларни сақлаш тажрибасини ўрганиш ва ўзаро зиёрат туризмини ривожлантириш;
- бошқа соҳага дахлдор мутасадди идоралар билан ҳамкорлик масалаларини йўлга қўйиш.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасида байрам тадбири ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сурхондарё вилояти вакили ўринбосари Абдуҳалил домла Абдуназаров, билим юрти раҳбарияти, «Вақф» хайрия жамоат фонди вилоят филиали мутасаддилари ҳамда педагог ходимлар иштирок этди.
Тадбирда устозлик касбининг шарафи, ёш авлодга диний ва дунёвий илмларни ўргатиш йўлидаги фидокорона меҳнатнинг аҳамияти алоҳида эътироф этилди.
Байрам муносабати билан устоз ва ходимлар моддий ва маънавий рағбатлантирилди:
5 нафар фаол устозга жами 25 миллион сўм (ҳар бирига 5 миллион сўмдан) моддий ёрдам кўрсатилди;
31 нафар устоз ва ишчи-ходимга байрам озиқ-овқат жамланмалари топширилди.
Бундай эътибор ва эъзоз соҳа ходимларининг меҳнатини муносиб қадрлаш ҳамда таълим сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати