Шу йилнинг 24–28 ноябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги делегация Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигида диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича хизмат сафарида бўлади.
Ўзбекистон делегацияси Иордания бош муфтийси ва Фатво маркази раҳбари Аҳмад Ҳасанот ҳазратлари, Вақф, ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазири Муҳаммад Халояла жаноблари, Подшоҳ Абдуллоҳ II номидаги Имомлар тайёрлаш ва малакасини ошириш институти раҳбари доктор Абдусаттор Қудо, Иордания халқаро ислом илмлари университети раҳбарияти ва бир қатор соҳага дахлдор мутасаддилар билан икки томонлама музокаралар ўтказиши режалаштирилган.
Сафар давомида қуйидаги вазифалар амалга оширилади:
- меморандумлар ва қўшма дастурларда белгиланган вазифаларни амалиётга жорий этиш;
- Иордания Фатво маркази ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва шаръий масалаларга жавоблар тайёрлаш юзасидан мулоқотлар қилиш;
- Подшоҳ Абдуллоҳ II номидаги Имомлар тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ва шу каби касб-маҳоратни ошириш курсларида диний соҳа ходимлари сонини ошириш;
- иорданиялик олимлар асарларини ўзбек тилига таржима қилиш;
- илмий марказлар, таълим муассасалари билан алоқаларни йўлга қўйиш, устоз ва талабалар алмашинувини муҳокама қилиш;
- Иорданиянинг вақф мулкчилиги, масжидларни бошқариш, қадамжоларни сақлаш тажрибасини ўрганиш ва ўзаро зиёрат туризмини ривожлантириш;
- бошқа соҳага дахлдор мутасадди идоралар билан ҳамкорлик масалаларини йўлга қўйиш.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ислом молияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон давлат ва хусусий молия сектори — Марказий банк, “Бизнесни ривожлантириш банки”, “Hayot Bank”, “Anorbank”, “Openbank” ва бошқа тузилмалар вакиллари Буюк Британияга ташриф буюрдилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси маълумотига кўра, ташриф доирасида делегация “IFN UK Forum” халқаро форумида иштирок этди. У ерда Европа ва жаҳон ислом молияси ҳамжамияти вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, соҳани ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Буюк Британия молия сектори манфаатларини ифода этувчи “TheCityUK” уюшмаси билан ҳамкорликда Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасида ислом молияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга бағишланган бизнес-тадбир ташкил этилди.
Бундан ташқари, “London Stock Exchange”, “HSBC”, “UK Export Finance”, “Gemcorp Capital” ва “Baillie Gifford” вакиллари билан музокаралар бўлиб ўтди. Асосий эътибор Ўзбекистонда инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишда ислом молияси инструментларини қўллаш ҳамда халқаро молия институтлари билан институционал ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати